Халқимизнинг мустаҳкам ишончи билан Президент этиб қайта сайланган Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришиш тантанали маросимида сўзлаган нутқида миллий тараққиётимизнинг 2030 йилгача бўлган истиқболли йўлини белгилаб берди.
“Қудратли халқимизга таяниб, ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни ишга солиб, ислоҳотларимиз суръати ва самарасини янада оширамиз, ҳеч қачон сусайтирмаймиз. Қанчалик қийин ва машаққатли бўлмасин, танлаган йўлимиздан ортга қайтмаймиз”, деди Президентимиз.
Дарҳақиқат, амалда ҳам шундай бўлмоқда. Сайловнинг эртаси куниёқ давлатимиз раҳбари кузатувчилар миссияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган МДҲ бош котиби Сергей Лебедевни, ШҲТ бош котиби Чжан Минни қабул қилди. 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишини ўтказди. 12 июлда мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди. Шу куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқотда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 13 июлда эса Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
14 июль куни, юқорида ҳам айтганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросими бўлиб ўтди.
20–21 июль кунлари эса Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, маҳаллаларга ташриф буюриб, одамлар билан дилдан суҳбатлашди.
Яна бир эътиборли жиҳат. Давлатимиз раҳбари Президент этиб сайланганидан кейин илк хорижий ташрифини 18–19 июль кунлари икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан ушбу мамлакатдан бошлади.
Бугун биз мана шу ташрифнинг амалий жиҳатлари ҳақида тўхталмоқчимиз.
Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президентимиз ўз нутқида Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқларини азалдан Буюк ипак йўлида савдо-сотиқ алоқалари, биродарлик оқибатлари ва урф-одатлари, энг муҳими, муқаддас ислом динимиз чамбарчас боғлаб турганини таъкидлади.
Хусусан, Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболаримизнинг беқиёс хизматлари борлигини бутун дунё тан олишини билдирар экан, “Барча муҳаддисларнинг пешвоси” – улуғ аллома Имом Бухорий ана шундай фахрли сиймоларимиздан бири эканини яна бир бор эътироф этди. Шунингдек, дунёдаги беқарор вазиятга қарамай минтақаларимиз тинчлик-барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётгани, улкан иқтисодий, табиий ва интеллектуал ресурсларга эга бўлган Кўрфаз давлатларининг глобал барқарорлик ҳамда энергетик хавфсизликни таъминлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари сўнгги йилларда иқтисодий алоқаларини янги босқичга кўтаргани, бу жараёнда Саудия Арабистонининг етакчи компания ва банклари билан амалга оширилаётган умумий лойиҳалар пакети 20 миллиард доллардан ортганига урғу берди. Сиёсий соҳада кенг қамровли алоқаларни турли форматларда ривожлантириш, юқори технологиялар ва инвестициялар, инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, нано ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформаларини яратиш бўйича таклифларни илгари сурди.
Мамлакатларимиз бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этиш ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказиш ташаббуси билдирилди.
Ташриф давомида бугунги куннинг истиқболли “яшил” энергетика лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Ўтган давр мобайнида икки томонлама ишончли ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси кўлами кенгайиб бормоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг дунёга очилиши миллий тараққиётимиз учун мутлақо янги даврни бошлаб берди. Мана шу сиёсий қарашлар самараси ўлароқ, араб давлатлари билан ҳам алоқалар янгича руҳда қайта ривожлана бошлади. Кенг кўламдаги конструктив ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Ўзбекистон – Саудия Арабистони ҳамкорлигининг ривожланиш суръатлари сезиларли даражада фаоллашди.
Масалан, ўтган 6 йилда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо ҳажми 1,2 баробар ортди. 2022 йилда ўзаро савдо ҳажми 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12,8 баробар ўсиб, 95,5 миллион долларни ташкил этди. Бу яқин истиқболда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш учун катта имкониятлар эшигини очди.
Саудия Арабистони компанияларининг мамлакатимизда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдаги иштироки ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, талаб катта бўлган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни кўпайтириш муҳим саналади. Шу мақсадда “Saudi Aramco” компанияси Ўзбекистонда нефть ва газни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашга жалб этилиши ҳам иқтисодий соҳадаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга катта замин яратади. Жорий йилда Саудия Арабистони билан “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳа ишга туширилиши ишончли ҳмкорлигимиз намунаси бўлади.
Шунингдек, савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш, эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, Кўрфаз давлатларига органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш механизмларини татбиқ этиш лойиҳалари ҳам истиқболли саналади.
Давлатимиз раҳбари транспорт ва транзит соҳасида Ўрта транспорт коридорида энг мақбул тарифларни қўллаш, мавжуд мультимодал йўлаклардан кенг фойдаланиш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни мақсадли субсидиялаш ёрдамида кўпайтириш таклифини илгари сурди. Хусусан, Кўрфаз давлатларини энг яқин ва қулай йўл орқали минтақамиз билан боғлайдиган Транс-Афғон темир йўлини қуриш стратегик лойиҳасида Саудия Арабистони фаол иштирок этишга таклиф этилди.
Агар икки минтақани боғлайдиган мазкур темир йўл ишга туширилса транспорт харажатлари ва юкларни етказиб бериш муддатини икки баробар қисқартириш имконияти пайдо бўлади. Бу йўналишда аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, амалга ошириш мақсадида савдо ва транспорт ҳамкорлигини йўлга қўйиш умумий манфаатларимизга хизмат қилади.
Глобаллашув шароитида экология ва иқлим ўзгаришлари масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, Президентимиз Глобал Иқлим саммити бу йил Дубайда бўлиб ўтишини Кўрфаз давлатларининг мазкур йўналишда эришаётган ютуқлари сифатида эътироф этди.
Давлатимиз раҳбари “Яқин Шарқ яшил ташаббуси” минтақа экологик тизимини тубдан яхшилашга салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлаб, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида биргаликда халқаро тадқиқотлар дастурини тайёрлаш ташаббусини ҳам илгари сурди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон 2018 йилда экологик тоза энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2030 йилга бориб 2010 йилга нисбатан 10 фоиз камайтириш бўйича миқдорий мажбуриятни ўз зиммасига олган ҳолда Париж битимини ратификация қилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда “АCWA Power”, “Мasdar”, “Мubadala”, “TACA”, “Nebras Power” каби етакчи компаниялар билан умумий қуввати 15 гигаваттдан ортиқ қуёш ва шамол станцияларини барпо этиш ҳамда энергияни сақлаш лойиҳалари амалга оширилаётгани таҳлил қилинди.
Кенг кўламли савдо иқтисодий ҳамкорликда бугунги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиз, қўшма корхоналар сони икки баробар ошди. Етакчи “ACWA Power” компанияси иштирокида “яшил” энергетикада муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. “Яшил” водород, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Президентимиз туризм соҳасига тўхталиб, Кўрфаз давлатлари аҳолисига визасиз тартиб жорий этилганини алоҳида қайд этди ва туризм инфратузилмалари янги Ўзбекистонда жадал ривожланаётганини билдирди.
“Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш ва минтақаларимиз етакчи сайёҳлик операторлари форумини 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида ўтказиш таклифи берилди.
Миллий экспертларимиз Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига амалий ташрифи тараққиётимизда кенг имкониятлар очишига ишонч билдирмоқда. Бу фикрни олий даражадаги музокаралар таҳлили ва эришилган натижалар кўлами ҳам намоён этади.
“Бугунги мулоқотимиз, билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар алоқаларимизнинг катта салоҳиятини кўрсатди. Минтақаларимиз энди учрашмоқда ва катта ҳамкорлик эшигини очмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.
Саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ҳам самарали кечди.
Учрашувда 2022 йилнинг август ойида бўлиб ўтган икки томонлама саммит давомида қабул қилинган битим ва келишувларни сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур ташриф натижалари, албатта, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Шавкат Мирзиёевнинг Президент этиб қайта сайланган кунлари Саудия Арабистонига ташриф буюриши ҳам катта маъно касб этди ва қутлуғ муждалардан дарак бергандек эди.
19 июль – ислом оламида бошланган ҳижрий 1445 йил муҳаррам ойининг биринчи кунида давлатимиз раҳбари эҳромга кириб, умра амалларини бажарди. Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиш шарафига муяссар бўлди.
Шавкат Мирзиёев динимиз арконларига мувофиқ Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта саъй қилди. Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, барча юртдошларимиз, ёш авлодимиз бахту иқболи ва ёрқин келажагини тилаб дуолар қилинди.
Бугун халқимиз давлатимиз раҳбари бошлаган катта ислоҳотларга ишонч билдириб, ўз Президентини сайлади. Бу кўпчиликнинг танлови ва сиёсий хоҳиш-истаги эди.
Ўз навбатида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам “Ҳаётимнинг маъно-мазмунига айланган буюк мақсад – Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида сизлар билан, бутун халқимиз билан бирга тинимсиз ишлашга, бор куч-ғайратим, билим ва салоҳиятимни сафарбар этишга тайёрман”, дея халқимизга ўз сўзини айтди.
Халқимиз бирор эзгу ишга қўл урар экан, албатта, Яратгандан яхши ниятлар ижобатини сўраб, дуога қўл очади. Давлатимиз раҳбарининг Байтуллоҳ атрофида қилган дуолари ҳам эътиқодий қарашларимизнинг ифодаси сифатида бўй кўрсатиб, бошлаган улуғ ишларимиз дебочаси бўлса, не тонг!
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори