Шанхай Материя институти томонидан яратилган COVID-19 вирусига қарши VV116 («Реминдевир») препарати ҳақида маълумот берилди. Шанхай Материя институти профессори Шен Жингшан ушбу препаратнинг кимёвий ва тиббий хусусиятлари ҳақида тақдимот ўтказди ва дори воситасининг самарадорлиги тўғрисида маълумот алмашилди. Хитой олимлари томонидан яратилган «Реминдевир» препарати ҳозирда инъекция шаклида ишлатиладиган «Ремдесивир» препаратининг янги шакли бўлиб, ножўя таъсирларининг камлиги ва таблетка шаклида эканлиги билан диққатга сазовордир. Ҳозирда ушбу препарат клиник синовлари ўтказиш босқичида бўлиб, тадқиқотлар якунлангач Навоий эркин иқтисодий зонасида Шанхай фармакология институти билан ҳамкорликда қуриладиган дори препаратлари субстанциялари синтези заводида ишлаб чиқариш режалаштирилган.

– Навоий вилояти Кармана туманида қурилиши режалаштирилаётган мазкур фармацевтика заводи дори препаратларини субстанцияларини кимёвий синтезини амалга оширувчи Ўзбекистондаги илк корхона бўлади, –деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Ўзбекистонда иқтидорли малакали кимёгарлар кўп, улар шу пайтгача субстанциялар синтезини фақатгина илмий-тадқиқот институтлари қошидаги лабораторияларда амалга ошириб келганлар, лекин бу субстанцияларнинг синтези саноат даражасига олиб чиқилмаган. Бу заводнинг ташкил этилиши илмдан капитал олиш имконини беради, янги ишчи ўринлар яратиш, рақобатбардош юқори технологияли махсулотлар ишлаб чиқаришга шароит яратади.

Учрашув давомида томонлар Навоий вилоятида доривор моддалар синтез қилиш бўйича Ўзбекистон–Хитой тиббиёт технологиялари паркини яратиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича фикр алмашдилар, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.