Аммо бу қувонишга сабаб бўлмайди. Бу барқарорликни сақлаб қолиш учун жиддий чора-тадбирлар кўришни дунёдаги айни эпидемиологик ҳолат тақозо қилмоқда. ССВ Матбуот хизмати шу борадаги масалаларга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаевага мурожаат қилди:
— 2020 йил коронавирус пандемияси билан эсда қолди. Бу вируснинг асоратларини аввалига тушунмадик, — дейди Севара Убайдуллаева. — Шунга қарамасдан, ўз вақтида бу касалликни даволаш, касаллик асоратларининг олдини олиш ва тарқалишини назорат қилиш орқали коронавирусдан касалланиш ҳолатларининг нисбатан камайишига эришдик.
Ҳозирда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси, шу билан бирга юкумли бўлган бошқа инфекциялар ҳам назоратга олинди, десак бўлади. Бу дегани кўчаларда бемалол юришимиз мумкин, дегани эмас. Сабаби, ҳозир дунё бўйича ҳам, юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тўлиқ йўқ бўлиб кетмади. Айниқса, бу инфекция бошқа вируслардан фарқли ўлароқ, тез-тез мутацияга учрамоқда. Хусусан, Буюк Британияда мутацияга учраган янги штамми тезлик билан тарқалмоқда. Охирги сутка давомида дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг 740 221 янги ҳолати аниқланиши, энг ачиналиси, 12 502 нафар бемор вафот етгани бизни ҳушёр торттириши керак.
Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, янги штамм таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган — булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд S-оқилли қобиғига таъсир қилади. Коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда.
Коронавируснинг бу штамми, Буюк Британия олимларининг таъкидлашича, инфекциянинг одатий турига кўра, юқумлилиги 71 фоизни ташкил этади, яъни бирламчи пайдо бўлган коронавирус инфекциясига қараганда ўта юқумлидир. Шу боис, бу касаллик кириб келишининг олдини олиш мақсадида 20 дан ортиқ давлатлар Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатишди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам бир неча давлатлар қаторида Буюк Британия билан авиақатновлар вақтинча тўхтатилди.
Дунёдаги кўпгина давлатлар ўз ихтиёри ва имкониятидан келиб чиқиб, бошқа давлатлардан кириб келаётган фуқароларни текширувдан ўтказмоқда. Бу билан коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олишга қисман эришмоқдалар. Хусусан, бизда ҳам ҳар бир чегара худудларида, авиақатнов ёки темир йўллар орқали кириб келаётган фуқаролар текширувдан ўтказилмоқда.
Бу касаллик тарқалишининг олдини олишда юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг масъулияти жуда муҳим. Шу боис, энг авваало, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, касаллик тарқалишининг олдини олишда ва бошқаларга юқтиришдан ҳимояланишда энг қулай усулдир.