Коррупцияга қарши курашиш — мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

 ЎзТТСА қошидаги “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУКда ташкил этилган давра суҳбатида манфаатлар тўқнашуви ҳамда коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида сўз юритилди.

Маълумки, 2017 йил январь ойида давлатимиз раҳбари томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, ундан мақсад ушбу иллатга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Ҳужжатда коррупциянинг ўзи нима, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик, манфаатлар тўқнашуви каби ибораларга батафсил таъриф берилган. Ушбу Қонун ундан сўнг қабул қилинган соҳага оид барча ҳужжатлар учун асос сифатида қабул қилинади.

— Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида коррупция ҳолатлари тараққиётга ғов бўлаётгани, бундай ёвуз балонинг олди олинмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтган. Коррупцияга қарши кураш фаолиятига энг яхши мутахассислар жалб қилинмаса, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмаса, олдимизга қўйган юксак марраларга эришишимиз даргумон эканлигига урғу берган, — деди Марказ юридик кўмаклашиш ва комплаенс бўлими бош мутахассиси Алихон Наимов.

Таъкидлаш лозимки, давлат органларида жорий этилган махсус “Комплаенс назорат бўлинмалари” ёки “Одоб-ахлоқ комиссиялари” кадрлар хизмати билан ҳамкорликда манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.

 — Марказимизда ҳам “Одоб-ахлоқ тўғрисида Низом”, буйруқ, махсус комиссиянинг вазифалари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлар, шунингдек, уларнинг раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган, — дея аниқлик киритди Марказ кадрлар бўлими бошлиғи Дониёр Акбарходжаев.

Маълумки, 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ушбу ҳужжат 5 та боб, 31 та моддадан иборат. Ҳар бир фуқаро лойиҳа билан танишиб чиқиб, 25 майга қадар ўз муносабатини билдириши мумкин.

Тадбирда комплаенс бўлими бош мутахассиси томонидан ушбу ҳужжат лойиҳаси ҳар томонлама изоҳланди ва марказ ходимлари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди.

— Ушбу жиноятларни очиқдан-очиқ эълон қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича амалий ишларни якунига етказиш ҳамда уларнинг илдизларига болта уриш учун давлат раҳбаримизда катта истак ва кучли сиёсий ирода мавжудлиги кўряпмиз. Бу курашда ҳеч ким бефарқ бўлиши керак эмас. Коррупцияга ундовчи омилларни очиқчасига муҳокама қилиб биз ҳам умумий курашга қўшилишимиз керак, — деди Марказ стратегик ривожлантириш ва менежмент тизимини қўллаб-қувватлаш бўлими бош мутахассиси Ботир Ғофуров.