ФВВ Академиясида “Қонун ва адолат устувор, жиноятга жазо муқаррар” ва “Коррупция – келажагимиз кушандаси” мавзуларида давра суҳбати ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати билан ҳамкорликда “Коррупция – ёшлар нигоҳида” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирни Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев очиб, бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиришини, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатишини, қолаверса жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келиши хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, айни дамда коррупцияга қарши курашиш барча давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларда устувор вазифага айланганлигини алоҳида таъкидлади.

Академиянинг 5-босқич курсанти Улуғбек Хусановнинг “Коррупцияни биргаликда енгамиз” номли шеъри иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди:

Таъмагирлик қилмай ҳалол ишла доим,

Яхши иллат эмас билгин порахўрлик.

Ҳалол яша, одамларга бўл мулойим,

Сахий бўлгин, ночорларга қил ғамхўрлик.

“Коррупция – ёшлар нигоҳида” китобининг яратилиш тарихи ҳақида сўз борар экан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан умумтаълим мактаблари (шунингдек, ихтисослаштирилган, махсус мактаблар)да  “Коррупция – ёшлар тасаввурида” иншолар танлови ўтказилгани, унда Республика бўйича 8642 та умумтаълим мактабларидан 445 мингдан ортиқ ўқувчилар ўз иншолари билан иштирок этгани айтиб ўтилди. Ҳудудлардан ғолиб бўлган 84 нафар ўқувчининг иншоларини саралаш ва жамлаш орқали юқоридаги китоб чоп этилишига эришилганини алоҳида қайд этиш жоиз дейди – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умид Сулаймонов.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия полковниги Шерзод Ҳайитов ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинганини айтиб ўтди.  

ФВВ Академияси Матбуот хизмати