– Ушбу танлов жамиятда коррупцияга қарши курашиш, коррупцион ҳолатларнинг аҳоли ва ёшлар ўртасида кенг қулоч ёзишининг олдини олиш, унинг салбий иллат эканлигини тушуниб етиш ва бу иллатга қарши курашиш иммунитетини шакллантириш мақсадида ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори Шариф Қобилов. – Мен изланишлар жараёнида республикамиз ва хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш жараёнидаги тажрибаларини жиддий ўрганиб чиқдим. Коррупция бу жамиятни исканжага олувчи иллатдир. Саралаш эксперт гуруҳининг хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети юридик фанлари доктори, профессор М. Рустамбоевнинг “Ўзбекистон Республикаси Жиноят ҳуқуқи курси” номли дарслиги 1-ўринга муносиб деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори Ш. Қобиловнинг “Ички ишлар органларида коррупциянинг олдини олиш ва ходимларда коррупцияга қарши хулқ-атворни шакллантириш” номли дарслиги 2-ўринни эгаллади.

“Энг яхши ўқув услубий қўлланма” номинацияси бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор ўқитувчилари Б.Алиев, А.Мухторов, Т.Норов, Н.Қодиров, Ж.Бойалиев, А.Музаффаровларнинг  “Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши кураш стратегияси” номли ўқув-қўлланма 1-ўринга, Ўзбекистон Миллий университети профессорлари Х.Абулқосимов, Н.Мўминовларнинг “Хуфиёна иқтисодиёт” номли ўқув-қўлланмаси 2-ўринга лойиқ кўрилди.

Танлов ғолиблари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус дипломлари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Саралаш эксперт гуруҳи томонидан мазкур дарсликлар “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий, ўрта  махсус ва профессионал таълим йўналишлари бўйича ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш”га тавсия этилди.

М. ТОЖИМАМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири