Мамлакатда давлат бошқарувини модернизация қилиш, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик ишончини ошириш жараёнларида коррупцияга қарши самарали механизмларни шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Бу жараён коррупцияга қарши курашни фақат ҳуқуқий чоралар билан чекламасдан, унга давлат бошқаруви тизимининг ажралмас институционал элементи сифатида қарашни тақозо этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-270-сон “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони коррупцияга қарши давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги, институционал ривожланиш босқичига олиб чиққан стратегик ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур Фармоннинг концептуал аҳамияти шундаки, у коррупцияга қарши курашни алоҳида чора-тадбирлар мажмуаси сифатида эмас, балки давлат бошқарувининг самарадорлигини таъминловчи комплекс бошқарув тизими сифатида талқин этади. Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга қарши фаолият асосан назорат, текширув ва ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин жавобгарликка тортиш механизмларига таянган ҳолда шакллантирилган эди. Бу эса коррупциянинг илдиз сабабларини эмас, балки унинг оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган реактив ёндашув устувор бўлганини кўрсатади.

Янги Фармон эса профилактика, институционал барқарорлик, ички назорат тизимларини мустаҳкамлаш ва бошқарув маданиятини шакллантиришга асосланган проактив моделни жорий этишни кўзда тутади. Бундай ёндашув коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш, уларни тизимли равишда бошқариш ва давлат органлари фаолиятида ҳалоллик стандартларини жорий этишга хизмат қилади.

Фармон билан давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ва мажбурий ҳамкорликда ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳолат коррупцияга қарши сиёсатда муҳим институционал бурилиш сифатида баҳоланади. Амалда мазкур норма аввалги даврда мавжуд бўлган мувофиқлаштирилмаган, фрагментар ва кўп ҳолларда самарасиз ёндашувларга барҳам бериб, ягона методология, стандартлаштирилган баҳолаш мезонлари ҳамда марказлашган масъулият тизимини шакллантиришга замин яратади. Айнан шу жиҳат Фармонни аввалги ҳуқуқий ҳужжатлардан принципиал равишда фарқловчи муҳим омил сифатида кўрсатади.

Фармоннинг энг муҳим стратегик янгиликларидан бири сифатида 2026-2030 йилларда коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимининг жорий этилишини кўрсатиш мумкин. Танқидий нуқтаи назардан қаралганда, илгари коррупцияга қарши фаолият самарадорлиги кўп ҳолларда формал ҳисоботлар ва статистик кўрсаткичлар орқали баҳоланиб, улар реал бошқарув амалиётини тўлиқ акс эттира олмас эди.

Янги сертификатлаштириш тизими эса коррупцияга қарши механизмларнинг номинал мавжудлигини эмас, балки уларнинг давлат органлари бошқарув жараёнларига қай даражада чуқур интеграция қилинганини, ички назорат тизимларининг амалий самарадорлигини ҳамда коррупциявий хавфларни бошқариш салоҳиятини комплекс баҳолашга қаратилган. Бу эса коррупцияга қарши курашни формал ҳисобот доирасидан чиқариб, уни стратегик бошқарув масаласига айлантиради.

Айниқса, ушбу тизимнинг биринчи навбатда коррупцияга қарши ишлар самарадорлиги рейтингида “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат органларида жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу ислоҳотларни умумий эмас, балки юқори хавф даражасига эга соҳалардан бошлаш, ресурсларни мақсадли йўналтириш ва манзилли институционал ўзгаришларни амалга ошириш имконини беради.

Фармоннинг амалий самарадорлигини таъминловчи муҳим механизмлардан яна бири – давлат органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришдир. Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими белгиланган муддатларда жорий этилмаган тақдирда, давлат органи ёки ташкилоти раҳбари ҳамда унинг ўринбосарларига нисбатан рағбатлантириш тўловларининг тўхтатилиши коррупцияга қарши сиёсатни расмий вазифа эмас, балки шахсий масъулият билан боғлиқ бошқарув мажбурияти сифатида қабул қилишни тақозо этади. Бу эса раҳбарлик даражасида жавобгарликни кучайтириш орқали тизимнинг амалда ишлашини таъминлайди.

Шунингдек, Фармон доирасида коррупцияга қарши фаолиятни тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган “Рақамли комплаенс” ахборот-дастурий комплексининг жорий этилиши ҳам стратегик аҳамиятга эга. Ушбу рақамли платформа ички назорат жараёнларини автоматлаштириш, маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ва инсон омили билан боғлиқ коррупциявий хавфларни камайтириш имконини беради. Натижада коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, мониторинг қилиш ва бошқариш сифат жиҳатидан янги босқичга чиқади.

Фармоннинг ижтимоий аҳамиятга эга муҳим жиҳатларидан бири сифатида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш институтининг жорий этилишини таъкидлаш лозим. Ҳимоя ордери механизми бундай шахсларни меҳнат муносабатларида тазйиқ, таъқиб ва камситиш ҳолатларидан асраб, фуқароларнинг коррупцияни фош этишдаги фаоллигини оширади. Бу эса жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва “жимлик маданияти”ни бартараф этишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида махсус кўкрак нишонининг таъсис этилиши ҳалоллик, фидойилик ва касбий масъулиятни ижтимоий эътироф этиш орқали соғлом бошқарув маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган самарали ижтимоий механизм ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон коррупцияга қарши курашишда жазога асосланган реактив ёндашувдан тизимли, профилактикага йўналтирилган ва давлат бошқарувига интеграциялашган институционал моделга ўтишни таъминлайди. У коррупцияга қарши сиёсатни давлат бошқаруви тизимининг ажралмас қисмига айлантириб, ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлаш орқали давлат ва жамият ўртасидаги ишончни оширишга хизмат қилади.

Фармоннинг тўлиқ ва самарали ижроси узоқ муддатли истиқболда барқарор ривожланиш, кучли институтлар ва соғлом бошқарув муҳитини шакллантириш учун мустаҳкам институционал асос яратиши билан аҳамиятлидир.

Музаффаржон Мамасиддиқов,

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи,

юридик фанлари доктори, профессор, полковник.