Ташриф доирасида Агентлик директори Акмал Бурхонов ва Словения парламентининг адлия қўмитаси раиси Блаж Павлин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Адлия қўмитаси раиси томонидан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши юзасидан масъул органларнинг ҳисоботларини доимий эшитиш амалиёти, шу жумладан, Коррупциянинг олдини олиш комиссияси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан йиллик Миллий маъруза тақдим этилиши тажрибаси йўлга қўйилгани каби қатор масалалар бўйича маълумот берилди.

Ўз навбатида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Ўзбекистонда сўнгги йилларда  амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар хусусида сўзлаб берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолияти, сўнгги йилларда давлат ва жамият қурилиши тизимида мазкур институтларнинг ролини янада ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 Учрашув якунида Ўзбекистон ва Словения парламентлари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш, коррупцияга қарши курашишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини татбиқ этиш мақсадида тажриба алмашиш, экспертлик кўмагини кўрсатиш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди., деб хабар беради Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати.