Қайд этилишича, икки идора раҳбарларининг илк мулоқоти 2024 йил ноябрь ойида Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти(ИҲТ)нинг Коррупцияга қарши курашиш органлари иккинчи вазирлар йиғилиши доирасида ташкил этилган эди.

Учрашув мобайнида Мазин Ал Кахмус давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан соҳада амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Ўз навбатида, Агентлик директори Акмал Бурханов мамлакатимиз аксилкоррупция ислоҳотлари ривожида халқаро алоқаларнинг аҳамиятига урғу бериб, хусусан, Саудия Арабистони билан ҳамкорлик янги механизмларни жорий этишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Учрашув доирасида Агентлик ва Nazaha ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, икки идора ходимларининг салоҳияти ва малакасини оширишга қаратилган ўқув дастурлар, стажировка ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби йўналишларда муҳим келишувларга эришилди.

Маълумот учун: Саудия Арабистони Подшоҳлигида Назорат ва коррупцияга қарши курашиш идораси (собиқ Коррупцияга қарши курашиш комиссияси) 2011 йилда ташкил этилган.