- Жамиятдаги қай бир соҳага алоҳида эътибор қаратилар экан, ана шу фаолият ривожланиб бораверади ва ўзининг ижобий самарасини беради, - дейди ДХА вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фозилжон Жўрабоев.
Учқўрғон туманида имкониятлардан унумли фойдаланиб, эл-юрт фаровонлиги учун камарбаста бўлиб келаётган ишбилармонлар талайгина. Муҳаррам Абдураҳимова 2-гуруҳ ногирони. Ёшлигидан тўқувчиликка меҳри баланд. Аввал маҳалладаги ҳунармандлардан тўқиш сир-асрорларини ўрганиб, бир-биридан бежирим кийим-кечаклар тикади. Қўл меҳнати ёрдамида тайёрланган маҳсулотларни маҳалладошларига сотиб, оила даромадини кўтара бошлади. Тиришқоқлиги, соҳага янгиликлар олиб кириб, замонавий кийимлар тўқишидан хабар топган қўшни хотин-қизлар унга шогирд туша бошлашди. Лекин жой муаммоси борлиги туфайли туман ҳокимлигига мурожаат қилди. Ундаги шижоатни кузатган ҳокимлик мутасаддилари Деҳқонобод маҳалласидаги бўш турган бинони ижара асосида фойдаланишга топширди. Бироз вақтдан сўнг Муҳаррамнинг мўъжаз корхонаси Учқўрғон туман давлат хизматлари маркази томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Ортда қолган икки ой давомида 10 нафар «Аёллар дафтари»дагиларни иш билан таъминлади. Устоз-шогирд анъаналарига мувофиқ яна 8 нафар маҳалладошига устозлик қилмоқда.
Иккинчи тадбиркор Музаффар Азимов Давлат хизматлари марказида кўрсатилаётган хизматлардан мамнун. У ака-укалари билан биргаликдан қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, ўтган йили 50 сотих ер майдонида замонавий иссиқхона барпо этиб, аҳоли истеъмолига бодринг ва помидорларни пешма-пеш етказиб бермоқда. Ҳозирда мазкур иссиқхонада 10 нафар фуқаро меҳнат билан банд. Бир ойдан зиёд вақт оралиғида аҳолига 50 тоннага яқин тайёр маҳсулотни тортиқ этди. - Туман Давлат хизматлари марказидан миннатдормиз, - дейди учқўрғонлик тадбиркор Музаффар Азимов. - Фаолиятим турини кенгайтиришда марказ ходимларининг ҳуқуқий маслаҳати, қолаверса, тез ва сифатли хизмат кўрсатиши муҳим ўрин тутади. Айни пайтда 6 йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланяпмиз.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.