“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг барча тармоқ корхоналарида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлимлари мавжуд бўлиб, ушбу бўлим ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги асосида иш юритилади.

Корхоналар таркибида ташкил этилган Экологик хизматларлар томонидан эса экологик меъёрий хужжатлари, қонун ва қонун ости ҳужжатлар талабларининг бажарилиши назорат қилинади.

Корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсирини ўрнатилган нормативларга риоя қилган ҳолда олиб бориш, идоравий назоратини амалга ошириш, саноат ташланмалари, оқова ва ичимлик сувларидаги зарарли кимёвий моддалар миқдори устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, оқова сувлар, чангютгич ва газ тозалаш қурилмаларининг самарали ишлашини назорат қилиш учун корхоналарда аккредитацияланган санитар лаборатория фаолият олиб боради.

Санитар лабораториялар фаолияти узликсиз ташкил этилган бўлиб, қўйидаги йўналишлар бўйича атроф-муҳитнинг аналитик назорати ва доимий мониторингини олиб боради:

- санитар-ҳимоя зонасида атмосфера ҳавоси таркибини назорат қилиш;

- манбалардан атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддалар таркибини назорат қилиш;

- корхоналарнинг оқава сувлари таркибини назорат қилиш;

- оқава сувлар ташланишидан олдин ва кейинги таркибини назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тармоқ корхоналарида 2020-2023 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш” бўйича чора-тадбирлар режасидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган, “2019-2022 йиллар давомида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти корхоналари томонидан атроф-муҳитга зарарли ташламалар ва ифлослантирувчи моддаларни камайтириш чора-тадбирлари”, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти томонидан атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддалар ва чиқиндиларини камайтириш мақсадида хорижий лицензиарлар, Росиянинг илмий-тадқиқот институтлари тавсияларига мувофиқ, “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти ва унга туташ ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида чора-тадбир режалари ишлаб чиқилган.

Чора-тадбирлар режаси натижасига кўра, “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятида карбамид цехи тозалаш иншоотининг инжекцион фарсункаларини тозалаш, таъмирлаш ишлари олиб борилиши ва аммиакли селитра цехидаги Х-29 тозалаш иншоотининг филтирларни алмаштириш натижасида атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 27 фоизга камайишига эришилди.

“Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида сувни қайта ишлашнинг замонавий тизими жорий этитилши натижасида, йилига 450,2 минг тонна чучук сувни тежаб, 536,7 тонна қаттиқ чиқиндилар камайтиришга эришилди. Шунинг билан йилига 1341,7 тонна чиқиндиларни полигонларда тўпланишини олди олинди.

“Навоийазот” акциядорлик жамиятида замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган аммиак, карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқариш учун янги қувватларни жорий этиш билан биргаликда ҳозирги вақтда маънан эскирган аммиак ишлаб чиқариш цехи 1-2 навбатини ва азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи 1-навбати иш фаолияти тўхтатилди ва йилига корхона ташланмалари 25 фоизга камайтирилди. Жумладан, углерод оксидини 46 фоизга, азот оксидларини эса 24 фоизга камайтиришга эришилди.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳар йили тизимдаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ўтказилади.

Лойиҳа доирасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги тармоқ корхона ва ташкилотлар томонидан дарахт ва манзарали кўчатлар экиш белгиланган. 2020 йил биринчи марта ўтказилган лойиҳа доирасида жамият тизимидаги корхона-ташкилотлар томонидан 62500 дона манзарали дарахт, 1200га яқин мевали дарахт ва 81000дан ортиқ манзарали кўчат ҳамда гуллар экилди.

Жорий йил март-апрель ойиларида ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан 6290 дона манзарали дарахт, 4500 дона мевали дарахт ҳамда 177 200 дона гул ва кўчатлар экилди.

Тармоқ корхоналарида саноат чиқиндиларининг ҳосил бўлиш миқдорини камайтириш мақсадида чиқиндиларни турига қараб алоҳида йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича ишлар йўлга қўйилган ҳамда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги уч йилда ишлаб чиқариш объектларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳисобига корхоналарда зарарли моддалар ташланмаларини 2019 йилга нисбатан 16 % камайтиришга эришилди. Шу билан биргаликда корхоналар эҳтиёжи учун ишлатиладиган сувнинг йиллик сарфини 513,9 минг тоннага қисқартирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ишлаб чиқилган чора-тадбир режаларига кўра тармоқ корхоналарида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаалардан намуналар олиш, таҳлил қилиш, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар автоматик кузатиш постлари билан босқичма-босқич жиҳозлаш, сув тозалаш иншоотлари ва технологик жараёнларни реконструкция ҳамда модернизация қилиш ишларини олиб бориш натижасида атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли ташланмалар, сув ва қаттиқ чиқиндиларни 20% камайтириш кўзда тутилган.