Нукус туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор “Автотранс Чимбой” МЧЖдан ундирувчи “Ипотекабанк” фойдасига 19 млрд 761 млн кредит ва унинг 2 млрд 76 млн сўм фоизи ва 800 минг сўм пеня ундириш ҳамда ундирувни “Автотранс Чимбой” МЧЖга тегишли гаровга қўйилган 100 дона “Исузу” русумли автотранспорт воситаларига қаратиш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси иш юритувига келиб тушиб, ижро иши қўзғатилган.

Ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида бошқарма инспектори томонидан гаровга қўйилган мулклардан 18 таси хатловга олиниб, сақлаш учун қарздор “Автотранс Чимбой” МЧЖ раҳбарига топширилган.

Хатланган мулкларни электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотиш мақсадида, 16.02.2024 йили бошқарма инспектори томонидан “E-Auksion” платформаси орқали электрон буюртма берилган.

Ҳозирги кунда қолган 82 та гаровдаги мулкларни сотувга чиқаришга қаратилган ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу корхонанинг барча ҳисоб рақамлари хатловга олинган.

Ижро ҳаракатлари даврида, корхонанинг 2 млрд 448 млн сўм муддати ўтган фоиз қарздорлиги тўланган, 1 млрд 699 млн сўмлик қарздорлик ундирилган.

Ҳозирда қолган қарздорликларни ундириш юзасидан ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.