Ишчи гуруҳга компания ҳақида маълумот берилди. Унинг тарихи, имкониятлари, жорий ҳолати, хусусан, космик соҳада эришилган ютуқлар ва келажакдаги режалар билан таништирилди.

“Airbus DS GEO Intelligence” компанияси бош директори Э.Перез билан учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилдилар. Самарқанд вилоятида “ГеоФерма” лойиҳасининг амалдаги ҳолати ҳақида икки томон ҳисоботи тингланди. Кейинги ишлар режаси, шунингдек, лойиҳани мамлакат миқёсида кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Агентлик Ўзбекистон Республикасида космик технологияларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, космик мониторинг доирасида ерни масофадан зондлаш маълумотларидан фойдаланиш ва давлат космик мониторинги дастурини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди ҳамда “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси томонидан дастур доирасидаги лойиҳалар доирасида космик суратлар билан таъминлашга тайёрлиги билдирилди.

Шунингдек, амалдаги “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси сунъий йўлдош туркуми доирасида Ўзбекистон Республикаси манфаатлари учун Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошини яратиш имконияти муҳокама қилинди. Ушбу механизм компаниянинг Ўзбекистон ҳудудидаги барча туркумларига эксклюзив эгалик ҳуқуқини ва потенциал Ўзбекистон сунъий йўлдошидан “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси орқали маълумотларни биргаликда сотиш имконини беради.

Учрашув давомида Франция Олий аэронавтика ва космонавтика институти ҳақида тақдимот ўтказди. Институт аэрокосмик соҳада кадрлар тайёрлаш бўйича асосий олий таълим муассасаси ва дунёда етакчилардан. Институт томонидан Франция Миллий космик тадқиқотлар маркази (CNES), “Airbus”, “Thales”, “Ariane Group” каби компаниялар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилган.

Учрашув давомида космик хизматлар ва иловалар магистратура дастури билан танишилди. Дастур 6 ой академик таълим ва 6 ой илғор космик компанияларда амалиётни қамраб олади. Дастурда космик тизимлар, Ерни масофадан зондлаш, сунъий йўлдошли алоқа, сунъий йўлдошли навигация ва космик хизматлар ва иловалар йўналишларида ўқитилади. Мазкур магистрлик дастурига 2022-2023 ўқув йиллари учун ўзбекистонлик талабаларни юбориш масаласи юзасидан 5 нафар талаба учун квота ажратиш, ҳамда оператив тарзда танлов ўтказиш ва молиялаштириш масалаларини ҳал этишда  ҳамкорликда ишлаш масаласи келишиб олинди.

Бундан ташқари, агентлик ходимлари учун 1-3 ой муддатли малака ошириш дастурларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди ҳамда мазкур дастур устида ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Агентликнинг ишчи гуруҳи Сунъий йўлдошларни йиғиш ва синовдан ўтказиш марказига сафар давомида марказ фаолияти, сунъий йўлдошларни йиғиш, уларни синовдан ўтказиш жараёни билан танишди.

Сунъий йўлдошларни йиғиш жуда қийин вазифа ва бунинг учун махсус хоналар талаб қилинади. Хоналар махсус белгиланган 22,2оС ҳароратда ҳаво фильтрациясида сақланади. Марказга киришда ҳар бир ташриф буюрувчи махсус кийим кийиши шарт.

Сунъий йўлдошлар ўз вазифаси ва ҳажмига қараб космик фазога учиришдан олдин марказда 4 ойдан – 1 йилгача бўлган муддатда синов-текширувлардан ўтказилади. Синов-текширув жараёнлари сунъий йўлдошлар ва уларнинг тизимлари ўртасидаги электромагнит мослашувни текшириш, термал, вакуум ва тебраниш каби синовларидан ўтказилади.

Марказда “Eutelsat” ва “Inmarsat” компанияларининг 5 тонналик геостационар алоқа сунъий йўлдошлари, “Airbus Defence & Space” компаниясининг “Pleiades Neo” Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошлари, ҳамда  Европа космик агентлигининг (ESA) “JUICE” Юпитер сайёрасини ўрганиш учун мўлжалланган автоматик сайёралараро илмий сунъий йўлдошларини синовдан ўтказилиш жараёни билан танишилди.