Яратиб берилаётган бундай имкониятларнинг ҳосиласи ўлароқ, ўқувчилар ҳам қатор нуфузли танловларда юқори ўринларни эгалламоқдалар.
Жумладан, Косонсой туманидаги 3-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг театр санъати йўналиши 3-синф ўқувчиси Ферузабону Ҳасанбоева яқинда Россия Федерацияси давлатида ўтказилган “Гениальние дети” онлайн танловида иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритди.
- Бу танлов учун устозим Зилола Салохиддинова билан “Қўғирчоқ рақси”ни тайёрладик, - дейди Ферузабону. – Иштирокчилар дунё бўйича жуда кўпчиликни ташкил этгани учун ғолиб бўлиш осон эмаслигини ҳис қилиб, астойдил ҳаракат қилдим. Менинг бу ютуғимда мусиқа ва санъат мактаби жамоаси ва устозим Зилола опанинг ҳиссаси катта.
Дарвоқе, Ферузабону санъатга иштиёқи баланд, зиёли оилада ўсиб-улғаймоқда. Айниқса, дадаси Ҳабибулло унинг иқтидорини ниҳоятда қадрлайди. “Келажакда қизимнинг миллий санъатимизда ўз ўрни бўлса, санъатимиз ривожига муносиб ҳиссасини қўшса дейман”, дейди у. Биз ҳам Ферузабонуни ғалаба билан қутлаймиз ва келгусида бундан-да улкан ютуқларни қўлга киритишига тилакдошмиз.
Санжарбек Ҳамидов