Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида “Kozguashyo” ХК таъсисчиси Қ.Абидовнинг мурожаати ўрганиб чиқилди. Мурожаатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган мулки ўрнига компенсация тўлови тўлаб берилмаётганидан норози эканлиги билдирилган.

Аниқланганидек, жамиятга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Сергели тумани, Спутник-4 мавзесидаги ер участкасида жойлашган, умумий майдони 43 кв. метрга тенг дорихона биноси Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 30 сентябрдаги 895-сонли қарорига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган. Бироқ, тадбиркорга етказилган зарар ва бузилган бино ҳамда иншоот ўрнига белгиланган тартибда компенсация тўловлари амалга оширилмаган.

Ушбу нотурар бино “Dinvest Consult” МЧЖ баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланган ва тегишли баҳолаш ҳисоботи тузилган. Ўтказилган баҳолаш ҳисоботи натижасига кўра, жамиятга тегишли ер ва бино-иншоотларнинг бозор қиймати 249 168 000 сўм этиб белгиланган. Жамиятнинг эгалигида бўлган ер участкасини олиб қўйилганлиги ва иморат бузилганлиги учун тенг миқдорда компенсация тақдим қилишни сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимиятига бир неча бор мурожаатлар юборилган.

Мурожаатдаги эътирозлар асосли эканлиги тасдиғини топгач, вакил девони томонидан “Kozguashyo” хусусий корхонаси фойдасига бузилган бино-иншооти учун 249 168 000 сўм компенсация тўловини ундириш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилган. Амалдаги ҳуқуқий тартиблар асосида суд идораси томонидан мурожаат кўриб чиқилиб, даъво аризаси қаноатлантирилган.

Д.Махмудов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Тадбиркорлик субъектларининг

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил

девонининг етакчи инспектори