Республикамизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари, Красноярск ўлкаси маъмурияти, ҳудуддаги ўзбек диаспора ташкилоти, фаол ватандошлар билан ҳамкорликда Красноярск халқлари дўстлиги уйида ташкил этилган тадбир хорижий давлатларда Ўзбекистон нуфузини юксалтириш, ўзбек халқининг кўҳна миллий урф-одат ва анъаналари, меҳмондўстлигини намойиш этиш, шунингдек, мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган.

Унда Красноярск ўлкасида узоқ йиллардан буён яшаб келаётган ўзбек диаспораси вакиллари, санъат намоёндалари, фаол ватандошлар, Ўзбекистон фуқаролари ва талаба ёшларимиз иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон маданиятини акс эттирувчи миллий чолғу асбоблар, мусиқа ва рақс, миллий либослар, тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилиб, ўзбек куй ва қўшиқларидан иборат концерт дастури намойиш этилди.

Шунингдек, фаол ватандошларимиз ва талаба ёшларимиз иштирокида давра суҳбати ҳам ўтказилиб, Ўзбекистонда халқимиз манфаати йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, мамлакатимиз конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида сўзлаб берилди, деб хабар беради «Дунё» АА.