Конференция доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги барча олий таълим муассасаларининг 60 нафарга яқин ёш олимлари, иқтидорли талабалар ҳамда стартап жамоаларининг 150 га яқин илмий инновацион ишланмалари, стартап лойиҳалари доирасидаги тадқиқот натижалари намойиш қилиниб, бу конференция иштирокчиларида катта таассуротлар уйғотди.

Конференция ишини университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Турдимамбетов очиб берди ва бошқариб борди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси Инновацион ривожланиш сектори бошлиғи Э.Абдуганиев ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда Қорақалпоғистон минтақасидаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари фаолияти, ҳудуддаги мавжуд экология ва атроф муҳит муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ва уларнинг самарадорлиги борасида фикрлар билдирди ҳамда конференция ишига муваффақиятлар тилади.

Бундан сўнг конференциянинг ялпи мажлиси қисми бошланиб, унда Қорақалпоқ давлат университетининг «Яримўтказгичлар физикаси» кафедраси мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Қанатбай Исмайлов «Қуёш энергияси: бугуни ва келажаги» мавзусидаги, Нукус давлат педагогика институтининг «Ботаника ва экологияни ўқитиш методикаси» кафедраси доценти, биология фанлари доктори (DSc) Ажиев Алишер “Рост и развитие MALACOCARPUS CRITHMIFOLIUS (RETZ.) C.A.MEY в условиях Каракалпакского Приаралья” мавзусидаги, Қорақалпоғстон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар университети «Мевачилик, сабзавотчилик ва полизчилик» кафедраси ассистенти Руслан Сеилбеков «Шимолий ҳудудларда етиштиришга мос беҳи навларини танлаш» мавзусидаги қизиқарли маърузалари билан иштирок этди.

Конференция сўнгида «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танлови ғолибаси Динара Қаллибекова олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари, ёш стартапчилар жамоалари, илмий инновацион ишланмалар яратишга қизиқувчи ёшлар учун бевосита ўзи ғолибликни қўлга киритган «Мирзо Улуғбек ворислари» танловида иштирок этиш талаблари ҳамда шартлари, шу ва шу каби бошқа танловлардаги муваффақиятлари ҳамда эришган ютуқлари тўғрисида кенг мазмунда маълумотлар бериб ўтди.

Конференция якунланиши билан унда иштирок этувчилар ҳафталик доирасида 2023 йил 19 октябрь куни — «Илм-фан ва тижоратлаштириш куни» этиб белгиланганлиги муносабати билан ташкил этилган илмий ва инновацион ишланмалар кўргазмасида қатнашиб, уларда стартап лойиҳалар, илмий инновацион ишланмалар муаллифлари бўлган ёш олимлар ва иқтидорли талабалар ўз ихтиролари, илмий ва инновацион ғоялари ҳамда ишланмалари тўғрисида кўргазма иштирокчиларига кенг тарзда маълумотлар бериб ўтди.

Конференция иши ва унинг доирасида ташкил этилган кўргазма тадбирлари юқори ташкилотчилик ва таассуротларга бой тарзда ўтказилди.