Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази маълум қилди.

Статистик маълумотларга кўра, хизматдан фойдаланаётганларнинг 1 283 506 нафари эркаклар, 924 247 нафари эса аёллардан иборат.

Қайд этилишича, мазкур хизмат фуқароларни кредит билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, у орқали шахс ўз номига рухсатсиз кредит расмийлаштирилишининг олдини олиши мумкин.

Фойдаланувчилар “Кредитга тақиқ” хизматини мустақил равишда онлайн ва офлайн тарзда фаоллаштириш ёки ўчириш имкониятига эга. Жумладан, хизматдан “KATM” мобил иловаси орқали, кредит бюросининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинет орқали, шунингдек Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланиш мумкин.

Шу билан бирга, Давлат хизматлари марказлари ёки “KATM” кредит бюросига шахсан мурожаат қилиш орқали ҳам хизматни фаоллаштириш ёки ўчириш имконияти мавжуд.

Мутахассислар фуқароларга ўз молиявий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу хизматдан фаол фойдаланишни тавсия этмоқда.