Тошкент давлат юридик университети мамлакатимизда биринчилардан бўлиб Европа кредит тизими (ECTS)га ўтди. Ушбу тизимнинг афзаллиги ва ютуқлари нимада? У қандай ишлайди? Шу ва бошқа саволлар билан ТДЮУ ўқув ишлари бўйича проректори — ТДЮУ қошидаги академик лицей директори, юридик фанлар доктори, профессор Исломбек Рустамбековга мурожаат қилдик.
— Университетда жорий этилган Европа кредит тизими ҳақида маълумот берсангиз.
— Тошкент давлат юридик университетида ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан тўлиқ ECTS, яъни Европа кредит тизими асосида ташкил қилинди. Таълимнинг кредит-модуль тизими ўқув жараёнининг очиқ ва шаффофлиги, жумладан, таълим бериш ва баҳолашнинг ошкоралигига асосланади. Шунингдек, талабага ҳамда унинг мустақил таълим олишига йўналтирилган ўқитиш бўлиб, кредитларни йиғиш ва кўчириб ўтказиш, бу орқали эса ўқишини турли таълим даргоҳларида ўташ имкониятини яратади. Бу тизимда талаба келажакда қайси соҳа мутахассиси бўлмоқчилигига қараб ўзининг мустақил таълим йўналишини белгилаши ҳамда ўқишнинг бир қисмини хорижий олий таълим муассасаларида давом эттириши мумкин.
— Тизимни амалиётга жорий этиш борасида университетда қандай ишлар бажарилди?
— Университетимизда Европа кредит тизими талабларидан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилида бакалавриатда 4 та таълим йўналиши, магистратурада эса 8 та мутахассислик бўйича малака талаблари, ўқув режалар ва фан дастурлари (силлабуслар) тўлиқ янгидан ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ушбу ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишида етук хорижий олий таълим муассасалари тажрибаси, халқаро стандартлар ҳамда бугунги кун иш берувчиларининг талаблари ўрганилди. Шунингдек, ўқув режаларида номутахассислик фанлари 22 фоиздан 10–12 фоизга камайтирилди. Фанлар блоки эса, мажбурий фанлар ва танлов фанларига бўлинди. Талабалар томонидан ихтиёрий қўшимча ўзлаштирилиши мумкин бўлган кредитлар ҳам ўқув режада акс эттирилди.
— Янги тизимда ўқув жараёнларини бошлаш ва ўтказишда қандай ўзгаришлар бўлди?
— 2020/2021 ўқув йилида пандемия шароитида дарс машғулотлари масофавий шаклда бошланди, лекин барча талабалар учун таништирув ҳафталиги ўтказилди. Танишув ҳафталиги доирасида барча талабаларга таълимнинг кредит-модуль тизими моҳияти, университет ўқув жараёни қандай ташкил этилганлиги, масофавий таълим платформасидан қандай фойдаланиш кераклиги, назорат ишларини топшириш тартиби тушунтирилди, шунингдек илмий фаолият, маънавий-маърифий ишлар бўйича масофавий шаклда маълумотлар берилди.
Талабалар ўқув жараёни, дарс жадвали, янги талаблар билан танишиб, танлов фанларини ҳам аниқлаб олди. Улар электрон платформадан фойдаланишни ўрганиб, ўзларининг ўқитувчилари билан масофавий гуруҳларни шакллантирди.
Ўқув жараёни университет масофавий таълим платформаси (http://distant.tsul.uz), шунингдек, таълим жараёни иштирокчиларининг фойдаланиш имконияти ва қулайлик даражасидан келиб чиқиб, бошқа таълим платформалари, ижтимоий тармоқлар ва алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда ташкил қилинди.
Маъруза машғулотлари платформага интеграция қилинган видеочат (Big Blue Button) ва “Zoom” дастурий воситаси орқали, семинар машғулотлари эса чат ва форумлар ташкил этиш, талабаларга топшириқ бериш ва уни муҳокама қилиш шаклида ўтказилиб, талабаларнинг дарс машғулотларига қатнашиши ва ўзлаштириши назорати тўлиқ масофавий таълим платформаси асосида амалга оширилди.
Интернет алоқаси сифатсизлиги ёки бошқа сабаблар билан масофавий таълим олиш имконига эга бўлмаган талабаларга тегишли имконият яратиш чоралари кўрилди. Бу учун худудларда жойлашган юридик техникумлар, адлия бўлимлари, давлат хизматлари марказларида талабалар келиб масофавий ўқиши учун шароитлар яратилди.
Айни пайтда талабаларимиз анъанавий шаклда таълим олмоқда.
— Юқорида танлов фанлар ҳақида айтиб ўтдингиз. Уларнинг тақсимланиши қандай бўлади?
— Жорий ўқув йилида ҳар семестрда биттадан танлов фани белгиланган. Талаба ўқув режанинг танлов фанлари белгиланган қисмидан (6 тадан 10 тагача фан кўрсатилган) фанни танлайди. Бунда камида 30 талаба битта фанни танласа ўша фан ўқитилади. Факультет деканатлари талабаларга фанларни танлаш бўйича йўналиш ва тушунтиришлар беради. Талабаларимиз мазкур жараённи тўлиқ англаб моҳиятини тушуниб олганидан сўнг танлов фанлари нисбатини кўпайтириб бориш режалаштирилган.
— Кредит ва баҳо ўртасида қандай фарқ бор?
— Бу икки тушунча бир хил эмас, лекин ўзаро боғлиқлиги мавжуд. Кредит талабанинг маълум бир фанни ўзлаштирганини билдирувчи кўрсаткичдир, у бевосита ушбу фанга ажратилган соатларга боғланган. Масалан, ўқув режага мувофиқ, жиноят ҳуқуқи модулига 10 кредит ажратилган. Талабанинг фанни ижобий ўзлаштириш кўрсаткичи қандай бўлишидан қатьий назар, яъни 56, 71 ёки 90 балл олган бўлса ҳам бир хил 10 кредитга эга бўлади.
Ўқув режаларига мувофиқ, талабадан бакалавриат босқичининг ҳар бир ўқув йилида 60 кредит, жами 4 йилда 240 кредит ўзлаштириши талаб этилади. Магистратура босқичи 1 йил давом этиб, унда жами 90 кредит тўплаш белгиланган.
— Талабаларни курсдан-курсга ўтказиш тартиби қандай бўлади?
— Тизим талабларидан келиб чиққан ҳолда талабалар иккинчи, учинчи ва тўртинчи курсга ўтказилиши учун мутаносиб равишда 40, 100 ва 140 ҳамда ундан юқори кредитларни тўплаши лозим.
Талаба курсдан курсга ўтиш имконини берган кредитларни тўплаган, аммо ўқув йили учун тўпланиши лозим бўлган барча кредитларни йиға олмаган бўлса, кейинги ўқув йилида мустақил равишда ёки қуйи курслар билан биргаликда ўша модулни ўзлаштиради. Бунинг учун айнан шу модул учун ажратилган тўловни амалга ошириш шарт.
— Кредит тизимида маълум бир фанни ўзлаштира олмаган, яъни кредитни тўплай олмаган талаба ўқишдан четлаштириладими?
— Ҳар семестр ва ўқув йили якуни натижаларига кўра талаба белгиланган кредитлар миқдорини ўзлаштириши лозим. Лекин талаба маълум сабабларга кўра кредитларни ўзлаштирмаган бўлса, унинг кейинги босқичга ўтказилиши ёки ушбу босқични қайта ўқиши айнан йиғилган кредитлар миқдорига боғлиқ бўлади. Бунда талаба талабалар сафидан четлаштирилмайди ва фақат қарздор бўлган фанларини қайта ўзлаштириши талаб этилади. Кредит тизимида бундай қайта ўзлаштириш тегишли кредитлар миқдоридан келиб чиқиб тегишли тўловларни амалга оширишни талаб этади.
Ўз навбатида талаба курсда қолирилган тақдирда ҳам фақат ўзлаштира олмаган ва кредит берилмаган фанларни қайта ўқиб ўзлаштиради, бошқа мувафаққиятли ўтган ва кредитларни жамлаган фанларни қайта ўқиб ўтирмайди.
— Назорат имтиҳонлари қандай топширилади ва баҳоланади?
— Университетда баҳолаш тизими алоҳида белгиланган бўлиб бунда талабалар ҳар бир фан бўйича оралиқ ва якуний назоратларни топшириб боришлари талаб этилади ҳамда максимал 100 балл билан баҳоланиш имкониятига эга бўлади. Баҳолаш жараёни ҳам тўлиқ шаффоф бўлиб, бунда назорат ишлари “Талабалар рейтингини ҳисобга олиш электрон тизими (SRS – Students Report System)” орқали топширилади ва баҳоланади.
Мазкур тизимда назорат ёзма ишлари талаба томонидан электрон шаклда топширилади, яъни тизимга юкланиб ундан сўнг автоматик равишда шифрланади ва тегишли кафедрага текшириш учун электрон шаклда жўнатилади. Кафедраларда мазкур ишлар профессор-ўқитувчилар ўртасида тақсимланиб тизимнинг ўзида текширилади, баҳоланади ҳамда қўйилган баҳо юзасидан шарҳ ёзилади. Яъни нима сабабдан шундай баҳоланди ҳамда талаба қандай камчиликларга йўл қўйгани кўрсатилади. Текширилган ишнинг баҳоси ва ишга ёзилган тақриз талабанинг шахсий кабинетида кўринади.
Оралиқ ва якуний назорат ишлари бўйича қўйилган баҳолар устидан талаба бир марта апелляция шикояти бериш мумкин. Бунда мурожаат комиссия томонидан кўриб чиқилади ва комиссия хулосаси билан баҳо ўзгартирилиши мумкин бўлади.
— Бугунги кунда ўқув жараёни самарадорлигини ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда ёки режалаштирилган?
— Университетимиз фаолиятини, жумладан, ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича режаларимиз кўп ҳамда улар босқичма-босқич амалга ошириб борилмоқ.
Асосий режаларимиздан бири бу ўқув ва бошқарув жараёнини тўлиқ рақамлаштиришдир. Ҳозирда ўқув жараёни учун қатор электрон тизимлар яратилиб, жорий этилди. Талабаларга ҳар қандай масала юзасидан электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди, битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳамда илмий раҳбарларни танлаш электрон тизими жорий этилди, тўлов-шартномасини электрон равишда олиш ҳамда тўловлар бўйича қарздорликни назорат қилиб бориш механизми ишга туширилди.
Бундай ташқари, дарсларни ўтказиш сифатини ошириш бўйича, ўқув жараёнини амалиёт билан боғлиқлигини таъминлаш доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Талабалар учун барча шарт-шароитлар яратилиб, электрон кутубхона, халқаро маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятлари яратилган, амалиёт клублари ташкил этилган, ўқув жараёнига амалиётчи мутахассислар, шунингдек, хорижий профессорлар кенг жалб этиб келинмоқда.
Албатта, ҳали амалга оширишимиз керак бўлган вазифалар жуда кўп. Ўйлайманки, уларни амалга ошириш орқали халқаро даражада рақобатбардош юқори малакали кадрлар тайёрлашга эришамиз.
Жавлонбек ВАФОЕВ суҳбатлашди.