Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ахборот хавфсизлиги соҳасида рақамлаштириш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Диний-маърифий соҳани рақамлаштиришнинг назарий муаммолари ва ахборот хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект технологияларининг ўрни, кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммолари, шунингдек, соҳада замонавий инновацион ва педагогик технологияларни қўлланилишига оид амалга оширилган илмий изланишлар ҳамда тадқиқотлар натижалари билан кенг жамоатчиликни таништириш конференциядан кўзланган мақсад бўлди.

Анжуман “Диний-маърифий соҳани рақамлаштиришнинг назарий муаммолари”, “Ахборот хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект технологияларининг ўрни”, “Кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммолари” ҳамда “Соҳада замонавий инновацион ва педагогик технологияларни қўлланилиши” каби йўналишларга бўлинди.

Онлайн ҳамда офлайн форматда ташкил этилган тадбирда Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Ирина Жуковская, “Янги Ўзбекистон” университети Дастурий таъминот муҳандислиги кафедраси профессори Сирожиддин Жўраев, юртимиздаги олий таълим муассасаларидаги соҳада фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар, олимлар, мутахассислар, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Анжуманда “Ахборотнинг замонавий жиҳатлари олий таълим муассасалари фаолиятида хавфсизлик рақамли контекстдаги муассасалар иқтисодий трансформация”, “Кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлашда кибергигиенанинг ўрни”, “Турли хакерлик ҳужумлардан веб-сайт ва веб иловаларнинг хавфсизлигини таъминлаш”, “Виртуал 3Д университет ўқув жараёни учун Кўкалдош мадрасасини уч ўлчовли геометрик моделлаштириш” ҳамда “Ахборот хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект технологияларининг ўрни” каби мавзуларда маърузалар қилинди.

Сўз олганлар юртимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтишди. Жумладан, ахборот хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган ишларнинг узвий давоми сифатида 2022 йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Киберхавфсизлик тўғрисидаги” қонуни қабул қилинди.

Соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, бунинг учун малакали, ёш кадрларни тайёрлашда қандай жиҳатларга аҳамият қаратиш кераклиги ҳақида сўз юритилди. Ахборот хавфсизлиги тўғрисида ўзбек тилида илмий, оммабоп ўқув адабиётлар, қўлланмалар етарли эмаслиги таъкидланди.

Конференция якунида кўтарилган масалалар бўйича умумий хулосалар қилинди. Бу каби илм анжуманлари соҳа ривожи учун фойдали бўлишини қайд этишди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати