Халқаро кураш ассоциациясининг жорий йил тақвим режасига асосан ташкил этилган мазкур тадбирда, Халқаро кураш ассоциацияси, Италия кураш федерацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазирлиги, Халқаро кураш институти раҳбарияти ва масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
ZOOM платформаси орқали 4-зона Осиё мамлакатлари кураш федерацияларининг 100 дан зиёд мураббийлари ва мутахассислари қатнашди.
Халқаро семинар аввало, курашнинг жаҳон ареналаридаги нуфузи ва мавқеини юксалтириш спортчиларнинг руҳини янада ошириш, мусобақаларни юқори савияда ўтказиш учун ҳакамлар ва мураббийларни профессионал даражада тайёрлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида курашнинг жаҳон ареналаридаги нуфузи ва мавқеини янада юксалтириш, жорий йил 12-23 май кунлари Вьетнамнинг Ханойи шаҳрида, Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида бўлиб ўтадиган, «SEA Games ўйинлари»да иштирок этувчи жамоаларининг тайёргарлик руҳини ошириш, мусобақаларни юқори савияда ўтказиш ҳамда ҳакамлар ва мураббийларнинг профессионал даражада тайёрлаш борасидаги қизғин фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Онлайн тарзда ўтказилган семинар доирасида кураш федерацияларининг хорижлик вакиллари ҳам сўзга чиқди:
– Италия кураш федерацияси 2014 йилда ташкил топган, — деди Италия кураш федерацияси Президенти Витторио Жорджи. — Бугунги кунгача, Халқаро кураш ассоциацияси бошчилигида нафақат Италияда, балки Европанинг бошқа ривожланган давлатларида ҳам кураш мусобақалари ва халқаро семинарлар уюшқоқлик билан ўтказилди. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим жоизки, ўзбек кураши Европада оммавий яккакураш турларидан бири. Курашнинг ёш ихлосмандлари сони эса кун сайин ортиб бораётганлиги жуда қувонарли ҳолат. Ушбу семинар ҳам барчамизга бирдай манзур бўлди.
Семинарда нафақат Жанубий шарқий Осиё мамлакатлари балки Хитой Тайпейи, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва бошқа кўплаб Осиё қитъаси мамлакатлари кураш федерациялари мураббийлари ҳам қатнашди.
— Кураш бугун дунёнинг барча қитъаларида севимли ва оммабоп спорт турларидан бири ҳисобланади, —деди халқаро тоифадаги ҳакам (Жанубий Корея), Халқаро кураш институти ўқув бўлими мутахассиси Ким Эурджун. — Бир неча йиллик ҳакамлик фаолиятим давомида кўплаб нуфузли мусобақалар, халқаро турнирларда гиламга тушган полвонларнинг нигоҳидаги ғурур ва ифтихор туйғуларини, ҳаракатларидаги салобат, сидқидилдан мухлислик қилаётган томошабинларнинг давомий олқишларини кузатиб туриб, шу йўлни танлаб тўғри қарор қилганимга яна бир бора амин бўламан. Курашдаги ҳалоллик, мардлик, олийжаноблик, одоб ва рақибига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш — ўзбек халқини, миллий анъаналари ва қадриятларини акс эттиради. Кураш қоидаларининг соддалиги, полвонларнинг софдил ва камтаринлиги ёқади менга. Корея ва Ўзбекистон халқи бир-бирига ўхшаб кетади назаримда. Бугунги кунда нафақат Жанубий Кореяда балки бошқа хорижий давлатларда кураш сир-асрорларини пухта ўрганиш ниятида бўлган ёшлар жуда кўп. Албатта, уларни доимий ўқитиб, тажрибасини ошириб бориш муҳим. Бу борада Халқаро кураш институти офлайн ва онлайн ўқув семинарлари ўтказишга эътибор қаратяпти.

Бўлиб ўтган семинар доирасида, кураш қоидалари асосида тайёрланган еттита усул ва 56 та кураш техниклари, видео ҳамда амалий кўргазма тарзида, Халқаро кураш ассоциациясининг тажрибали мутахассислари томонидан кўрсатиб берилди.
Гуличеҳра Дурдиева,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.