Ўзбекистон кураш миллий федерациясининг амалдаги қоидаларига асосан, юқори савияда ташкил этилган мусобақада Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети, Амир Темур номидаги давлат хавфсизлик хизмати академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Давлат божхона қўмитаси Божхона институти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳарбий хизматчилари, курсантлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Ички ишлар вазирлиги академияси жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоасига насиб этди.
Мусобақа якунида барча совриндорлар медаль, диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
— Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари ўртасида миллий қадриятимизнинг бир бўлаги ҳисобланган миллий кураш тури бўйича мусобақа юқори савияда ташкиллаштирилди, ─ ФВВ академияси катта ўқитувчиси, катта лейтенант Рустам Чориев. — Албатта, спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзи қарор топади. Бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларимизга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
академияси катта ўқитувчиси, капитан