Мусобақа пойтахтимизнинг ёш курашчилари, айниқса Соғбон кураш мажмуаси атрофидаги маҳалла ёшлари учун чинакам спорт байрами бўлди.

Тошкент шаҳар прокурори қарори билан март-май ойлари пойтахтдаги туманларнинг деярли барчасида ана шундай мусобақалар ўтказилиши белгиланган. Бугунгача Сергели, Юнусобод, Шайхонтоҳур туманларида “Прокурор кубоги” беллашувлари ўтказилди. Ушбу мусобақалар асносида пойтахтимиздаги 5000 нафардан ошиқ ёшларни оммавий спорт мусобақаларига жалб этиш, минг-минглаб ўсмирлар қалбида миллий спортимизга қизиқишни оширишга қаратилган. 

Шу ўринда айтиш жоизки, Тошкентдаги 12 та умумтаълим мактабларига ишсиз юрган кураш тренерлари мураббийликка жалб қилинди. Улар кураш гиламлари билан таъминланди. Янги ташкил қилинган кураш тўгаракларида шуғулланиш истагини билдирган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, эътибор талаб ёшларни машғулотларда бепул шуғулланиши назарда тутилган. 

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кураш билан шуғулланаётган ёшларни кураш яктаклари билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Мусобақалар бошланиши олдидан Олмазор туман прокуратурасининг саъйи-ҳаракати билан “Соғбон” кураш залининг атрофи, унинг ички ва ташқи кўриниши таъмирланиб, кукаламзорлаштирилгани маҳалла аҳлини, ёшларни қувончига қувонч қўшди. Мусобақаларнинг янада файзли ўтишини таъминлади.

“Соғбон”даги кураш беллашувларида 130 нафарга яқин ёшлар 7 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди. Муросасиз баҳслар якунига кўра, ўғил болалар 42, 50, 55, 60, +60 кг вазнларда, қизлар эса 40 ва 48 кг.да курашишди. Ўз вазнларида Ғиёс Жуманазаров, Анвар Эшпўлатов, Акобир Зоиров, Темур Жўрахонов, Бекзод Ўктамов, Лазиз Асқаров, Жавоҳир Маликов, Дилмуҳаммад Алиахматов, Хумоюн Неъматов, Бобур Йўлдошев, Суғдиёна Баҳодирзода, Севинч Мамашариопва, Фотима Умурзоқова ва Вазира Қўлмаматова ғолиб ва совриндор бўлишди.

Мусобақа совриндорлари ташкилотчилар томонидан таъсис этилган диплом, медаль ҳамда совғалар билан тақдирланди. 

Мутасаддиларнинг билдиришича, “Прокурор кубоги” мусобақасининг кейинги баҳслари 16-17 апрель кунлари Бектемир туманида ўтказилади.