Дунё бўйлаб электрон тижоратнинг оммалашаётгани халқаро курьерлик жўнатмаларининг салмоғини ҳам оширмоқда. Жорий йилнинг ўзида республикамиз божхоначилари салкам 13 минг тонна жўнатмаларни божхона назоратидан ўтказишган.

Афсуски, жўнатмалар орқали юборилаётган буюмлар ва маҳсулотлар орасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни жўнатишга уринишлар ҳам кўзга ташланмоқда.

Эътиборингизни Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси, «Тошкент-АЭРО» ИБК тезкор тузилмалари ва «Электрон тижорат» божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбир тафсилотларига қаратамиз.

Жорий йилнинг 30 октябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида 31 ёшли фуқаро ўзининг номига хориждан юборилган курьерлик жўнатмасини қабул қилиб олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди. Бу эса бежиз эмас эди. Ҳужжатларга кўра, гўёки ширинликлар юборилгани маълум қилинган ушбу жўнатмада аслида 414 гр. оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик воситаси яширилган эди.

Тезкор тадбир давомида ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олишни режалаштирган 33 ёшли яна бир фуқаро ҳам процессуал тартибда ушланди. Ушбу шахс истиқомат қилаётган хонадон ва унга тегишли «Спарк» автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда 47 дона ўрамда 45 грамм «мефедрон» гиёҳвандлик воситаси қонунга хилоф тарзда сақланаётгани маълум бўлди.

Тезкор тадбир давомида Сергели туманида ушбу шахс турли манзилларга муқаддам яшириб чиққан 10 дона ўрамда жами оғирлиги 10 гр. «мефедрон» яширилган жойларидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

2025 йилнинг 11 ноябрь куни тезкор тадбирнинг кейинги босқичи амалга оширилди. Бу гал ҳам Таиланддан гўёки ширинликлар юборилган курьерлик жўнатмасининг ичидан 490.5 гр. оғирликдаги «гашиш» гиёҳвандлик воситаси чиқди.

Мазкур жўнатмани олиб кетишга келган 32 ёшли шахс почта бўлимининг ўзида қўлга олинди. Тезкор тадбирда мазкур наркотик моддаларни ушбу шахсдан Сергели туманида қабул қилиб олаётган 26 ёшли яна бир фуқаро ҳам қўлга олинди.

Юқоридаги ҳолатларни бирлаштириб турувчи умумийлик шундаки — ҳар иккала ҳолатда ҳам «гашиш» гиёҳвандлик воситасини интернетдаги наркодўконлардан бирининг куратори ва ҳозирда Таиландда истиқомат қилаётган 32 ёшли фуқаро томонидан жўнатилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.

Рақамларга эътибор қаратилса, «Электрон тижорат» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари 2023-2025 йиллар давомида аниқланган 73 та ҳолатда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали 14 кг.га яқин гиёҳвандлик воситалари, 150 кг.дан зиёд психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни олиб ўтишга уринишларга чек қўйишди.