Қайд этилишича, Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган хавфсизлик вазиятининг мураккаблашуви ҳамда айрим давлатлар томонидан профилактик ва эҳтиёт чоралари кучайтирилиши муносабати билан Кувайтда ҳам тегишли хавфсизлик чоралари амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда вазият Кувайтнинг ваколатли органлари томонидан доимий равишда назорат қилинмоқда.

Кувайт ҳудудида 224 нафар фуқаро консуллик рўйхатидан ўтган бўлиб, улар билан доимий алоқа ўрнатилган ва вазият юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, эҳтимолий чекловлар юзага келиши мумкинлигини инобатга олиб, элчихона қуйидагиларга амал қилишни тавсия этди:

расмий давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан берилаётган ахборотни мунтазам кузатиб бориш;

зарурат бўлмаган ҳолларда одамлар гавжум жойлар ва оммавий тадбирларда иштирок этмаслик;

ҳарбий ва стратегик аҳамиятга эга объектлар яқинига бормаслик;

маҳаллий қонунчилик ва хавфсизлик бўйича белгиланган талабларга қатъий риоя қилиш;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзингиз билан олиб юриш.

Элчихона ватандошларни хотиржамлик ва вазминликни сақлашга, ижтимоий тармоқлар ва айрим ахборот манбаларида тарқатилаётган тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка ҳамда фақат расмий манбаларга таянишга чақирди. Нотўғри ёки текширилмаган маълумотларни тарқатишдан тийилиш қатъий тавсия этилди.Фавқулодда ҳолатлар ёки консуллик-ҳуқуқий масалалар юзасидан Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонасига қуйидаги алоқа воситалари орқали мурожаат қилиш мумкин:

Ишонч телефони: +96525396515

Консул Исломхон Тоиров: +96599427517

Элчихона хабарида таъкидланишича, вазият ривожи доимий мониторинг қилиб борилмоқда ва зарурат туғилган тақдирда қўшимча маълумот тақдим этилади.Бундан аввал Иордания ва Баҳрайндаги ўзбекистонликлар шахсий хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирилганди. БААдаги ўзбекистонликлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди. Ўзбекистонликларга Исроилдаги ўзбекистонликларга ушбу давлатни вақтинча тарк этиш тавсия қилинди. Ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб Доҳа аэропортида қолиб кетган ўзбекистонликлар меҳмонхонага жойлаштирилди. Умрадаги ўзбекистонликларни қайтариш учун эса репатриация рейслари ташкил этилди.