Жорий йилнинг 11 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши томонидан Ўзбекистонга Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди ва ушбу қарор 15 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси йиғилишида маъқулланди.
Албатта, унинг иқтисодий интеграция, мигрантлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва бошқа шунга ўхшаш жиҳатлари тўғрисида иқтисодчилар, экспертлар турлича фикр-мулоҳазалар билдирмоқда, бундан кейин ҳам билдиради. Хусусан, ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг қонунчилиги ва стандартларини ўзаро мувофиқлаштиришда истеъмолчилар ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси дунёнинг турли минтақалари ва МДҲ мамлакатларидаги истеъмолчилар ташкилотлари билан Халқаро истеъмолчилар (Consumers International) ташкилоти доирасида ва икки томонлама ҳамкорлик географиясини кенгайтирмоқда.
Жорий йил январида Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилар халқаро форумининг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилгани ҳамда унда бошқа халқаро ва минтақавий давлат, нодавлат истеъмолчилар ташкилотлари экспертлари қаторида Евроосиё иқтисодий комиссияси вакилининг ҳам иштирок этганини бунга мисол бўла олади.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчилик мақомини олиши истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида қандай наф келтиради, деган савол туғилиши табиий, албатта.
Биринчидан, Евроосиё иқтисоидй комиссияси тавсиясига кўра, барча аъзо мамлакатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилиги ўзаро мувофиқлаштирилади ва ўша ҳуқуқни яхшироқ ҳимоя қилишга имконият яратади.
Иккинчидан, иттифоққа кирган барча мамлакатларнинг истеъмолчилари, қайси мамлакат ҳудудида яшаб турганидан қатъи назар, тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Учинчидан, товар ва хизматларнинг умумий бозори, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар хавфсизлигига бўлган ягона талаблар истеъмолчиларга хавфсиз ва сифатли товарлар харид қилиш имконини беради ва айни талаблар ЕОИИ ҳудудидаги ишлаб чиқарувчиларнинг сифатсиз товарлар ишлаб чиқаришини ёки хизматлар кўрсатишини тақиқлайди.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бирор мамлакат фуқароси бўлган истеъмолчининг ҳуқуқи бошқа бирор аъзо мамлакат ҳудудида бузиладиган бўлса, у ўз ҳуқуқини талаб қилиб, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ўша мамлакатнинг давлат ва нодавлат ташкилотлари, ҳатто судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Уларнинг ҳуқуқи ўша мамлакат фуқаролариники билан тенг таъминланади.
Бугунги электрон тижорат, онлайн хизмат кўрсатиш, туризм сингари чегара билмас соҳалар ривожланиб бораётган шароитда истеъмолчиларнинг трансчегаравий мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш ва уларнинг ишлаб чиқарувчи ёки хизмат қўрсатувчида қолиб кетган ҳақини ундириб бериш ҳар қачонгидан кўра кўпроқ халқаро ҳамкорликни ва реал саъй-ҳаракатларни тақозо қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, яқинда Жанубий Корея истеъмолчилар агентлиги томонидан айни масалага бағишлаб ўтказилган онлайн видеоконференцияда федерациямиз Европа ва Шимолий Америкада бўлгани каби Осиёда ҳам истеъмолчилар ташкилотини тузиш зарурлиги ҳақида таклиф билдирди.
Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси раиси