Доно халқимизда “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деган нақл бор. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотаридан юқори ҳосил етиштиришни кўнглига туккан деҳқон, албатта ерни кузда сифатли тарзда шудгорлашга алоҳида эътибор қаратади.
Мазкур муҳим агротехник тадбирга Самарқанд туманида ҳам алоҳида ҳозирлик кўрилмоқда. Шу мақсадда, бугун “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими томонидан кузги шудгорлаш ишларига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Тумандаги “Чорва сут сервис” фермер хўжалиги дала майдонида ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, туман қишлоқ хўжалиги бўлими, кластер корхонаси, фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этишди.
Унда кузги шудгорлаш ишларини тез ва қисқа муддатларда якунлаш, ерни белгиланган чуқурликда ҳайдаш билан боғлиқ масалалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маълумот ўрнида: жорий йилда Самарқанд туманида 1 минг 561 гектар ер майдонида кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бир кунда ўртача 86 гектар мавсум бошидан бери 701 гектар ер майдони сифатли тарзда шудгор қилинди, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати.