“Навоий барака чеварлари” тикув мажмуасининг ишга тушиши билан ҳудуддаги 90 нафар хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланди. 

Бугун юртимизда хотин-қизларни касб-ҳунарли қилиш, улар учун бўш иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Боиси, аёл ҳунарли бўлса, уйида ҳотиржамлик, рўзғорида барака бўлади.

Хатирчи тумани марказидан 55 километр узоқликда жойлашган Лангар қишлоғи аҳолисининг ҳам 1441 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бу ер тоғли ҳудуд бўлгани боис, сув танқис, деҳқончилик қилиш бироз мушкул. Одамларнинг асосий қисми чорвачилик билан шуғулланади. 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳудудда ана шу муаммоларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида турли корхоналар, кластерлар ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторлар жалб қилинди.

Енгил конструкцияли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган 100 ўринли “Навоий барака чеварлари” тикув цехи жорий йилда Ўзпахтасаноат акциядорлик жамиятининг Навоий филиали томонидан қуриб битказилди. Аммо қишлоқ узоқ ҳудудда жойлашгани боис, корхонада ишлаб чиқариш, хомашё етказиб беришда муаммолар бўлмасмикан, деган ҳавотир сабаб бирмунча вақт уни ишга туширишга ҳеч кимнинг юраги дов бермади. Ниҳоят, туман ҳокими бу масъулиятли вазифани қишлоқнинг маҳалла, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари Муҳаббат Эрмаматовага ишониб топширди. Цехнинг бошланғич нархи 1 миллиард 200 миллион сўмга баҳоланиб, қаҳрамонимизга 5 йил муддатга 10 фоизли лизинг асосида берилди.

— Асли касбим ўқитувчилик бўлиб, мактабда 12 йил ўқувчиларга инглиз тили фанидан дарс бердим, — деди ҳозирда тикув цехига раҳбарлик қилаётган Муҳаббат опа. — 2018 йилда қишлоқ аҳолиси ҳамда туман ҳокимининг тавсияси билан маҳалла раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинландим. Фаолиятим давомида кўплаб оилаларнинг аҳволини ўрганиб, ажримларнинг аксариятига иқтисодий етишмовчиликлар сабаб бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Биз аёлларни ҳам муносиб иш билан таъминлаш орқали бу муаммоларга барҳам беришимиз мумкин. Шу боис, туман ҳокими янги тикув цехи фаолиятини йўлга қўйиш таклифини берганларида, бажонидил қабул қилдим. Бу ҳудуддаги биринчи катта тикув корхонаси бўлиб, ана шундай ишхонамиз бўлишини шу ерлик кўплаб аёллар қатори мен ҳам бир умр орзу қилганман.

Муҳаббат опанинг оналари ҳам қўли гул чеварлардан бўлган. Болалигидан уларнинг тиккан кийимларига қараб завқланган қаҳрамонимиз бир кун келиб шу ҳунарни давом эттириш мақсади бўлгани учунми ёки қишлоқ аёлларини иш билан таъминлаш истаги кучлилигиданми цех фаолиятини тезда йўлга қўйиб олди.

Корхонада ишлаш истагини билдирганлар кўп бўлди. Уларнинг орасида тикувчиликдан мутлақо хабари йўқ аёллар ҳам бор эди. Шу боис, цех ишга тушишидан олдин Муҳаббат опанинг ташаббуси билан 200 нафар хотин-қизлар мутахасслар томонидан 2 ойдан ортиқ вақт давомида бепул ўқитилиб, уларга тикувчиликдаги бошланғич билимлар берилди. Курслар якунида имтихон олиниб, талабга жавоб бера оладиган хотин-қизлар ишга қабул қилинди. Уларнинг қаторида ҳудуддаги “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аъзолари ҳам иш билан таъминланди.

Хорижникидан қолишмайдиган курткалар ишлаб чиқарилади

Бугун ўз иш фаолиятини муваффақиятли бошлаб олган корхонада дастлабки босқичда тайёр сифатли матолардан чойшаблар, корейс сатинларидан ҳар хил турдаги кўрпа-тўшакларга жилдлар тикилиб, ички бозорга тарқатиляпти. Ҳозирнинг ўзида республиканинг турли ҳудудларидан чойшабларга кўплаб буюртмалар тушган. Тез орада салқин мавсум учун бамбук матолардан аёллар ва болалар учун спорт кийимлари, сифат борасида хорижники билан рақобатлаша оладиган ёмғир мавсумига мос енгил курткалар тикиш йўлга қўйилади.

— Бозорни ўрганганимда, кўпинча 5 синфдан 7-8 синфгача бўлган болаларнинг кийимларини топиш қийинлигига гувоҳ бўламан, — деди Муҳаббат Эрмаматова. — Бу ёшдагилар на бола, на ўсмир бўлгани боис, ўзим ҳам баъзан шу босқичдаги фарзандларимга мос кийимлар топа олмайман. Шунинг учун цехда уларга тўғри келадиган кийимлар, курткалар тикишни йўлга қўймоқчимиз. Катталар учун ҳам Туркия, Корея маҳсулотлари билан тенглаша оладиган куртка, плашларни сифатли ва арзон нархларда ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Умуман, корхонада бозор талаблари асосида барча турдаги трикотаж маҳсулотларини тикиш кўзда тутилган. Биздаги мавжуд замонавий техникалар билан бу ишларни бемалол амалга ошира оламиз.

Корхона 65 та ҳар хил турдаги замонавий автомат тикув машиналари, 2 та буғли автомат дазмол, 1 дона пресловчи ускуна, андоза оладиган стол-стуллар билан жиҳозланган. Ускуналар барча турдаги трикотаж маҳсулотларини тикишга мўлжалланган бўлиб, улар илғор хориж давлатларида эмас, балки ўзимизда тайёрланган. Муҳаббат опанинг айтишича, мазкур қурилмаларни Ўзпахтасаноат АЖ буюртма асосида маҳаллий хомашёлардан ясаттириб берган. Ҳайратланарлиси, уларнинг сифати ниҳоятда яхши бўлиб, чет элникидан сира қолишмайди.

Айни вақтда корхонада ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларига нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам талаб ортиб боряпти. Ҳатто, туманда катта инвесторлик лойиҳаларини амалга ошираётган Туркиянинг “Vero moda” фирмасидан ҳамкорлик таклифи ҳам тушган. Режага кўра, турклар футболкалар андозасини олиб, қирқилган ҳолда олиб келади, “Навоий барака чеварлари” тикув цехи эса уларни тикиб, тайёр маҳсулот ҳолида етказиб беради.

Корхона ҳудуди катта бўлгани боис, Муҳаббат опа келгусида бу ерда трикотаж маҳсулотлари сотиладиган дўкон, гилам цехи, Тошкентга бориб ишлаётган ёшларни қайтариш мақсадида мебель ишлаб чиқариш корхонаси, дам олиш масканлари очиш, хорижликлар билан ҳамкорликда экспорт салоҳиятини оширишни ният қилган. Ушбу йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш туманда ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқларни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлашга хизмат қилади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири