Учрашувда ўзаро савдо ва транзит юк ташиш ҳажмини ошириш учун шарт-шароит яратишни назарда тутган ҳолда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, порт терминали ва бошқа объектларни ижарага олиш, шунингдек, эркин иқтисодий зонада юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ГСП+ Преференциялар бош тизими доирасида ўзбек экспортёрларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланиб, Европа Иттифоқи мамлакатларига товарлар экспортини кўпайтириш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, порт ва ЭИЗдан фойдаланиш Ўзбекистон ташқи савдо юкларини Скандинавия давлатлари, Бразилия, АҚШ ва Канадага транзит қилиш билан бир қаторда сақлаш ҳамда чакана савдо тизимларига тарқатиш имкониятларини сезиларли даражада ошириши ҳам қайд этилди.

Музокаралар якунида томонлар аниқ амалий натижалар ва келишувларга эришиш мақсадида фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун: Вентспилс эркин порти Европа даражасида муҳим аҳамиятга эга саноат маркази бўлиб, порт хизматларини кўрсатади. У Болтиқ денгизининг шарқий қирғоғида жойлашган ва музламайдиган портлар тоифасига киради. Юк айланмаси бўйича у Латвияда иккинчи ўринда туради. 2021 йилда портнинг умумий юк айланмаси 11,1 миллион тоннани ташкил этди.