Учрашув аввалида хорижий меҳмонларга вазирлик тизими, вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича, шунингдек ҳуқуқий соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни мамнуният билан эътироф этиб, Латвия ҳам ана шу ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшмоқчи эканлигини, хусусан самарали бошқарув, қонун устуворлиги, давлат хизматларини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, электрон ҳукумат ва ахборотлаштириш ҳамда давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишни таклиф қилдилар.

Латвия томони ушбу соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида халқаро донор ташкилотларнинг молиявий-техник кўмагини ҳамда грант маблағларини жалб этишда ёрдам беришга тайёр эканликларини маълум қилди.

Учрашув давомида томонлар, шунингдек, икки давлат адлия ва ҳуқуқ институтлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонлик мутахассисларни Рига олий юридик мактаби ҳамда Латвия давлат администрацияси мактабларида ўқитиш ва салоҳиятларини ошириш бўйича фикрлар алмашдилар, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.