Йўлларимиз яқин, мушкулларимиз осон, истаган нарсамиз қўлимизда муҳайё бўлди. Қўшиқ истайсизми, китобми, турли ўйинлар, ахборот-маълумотлар, дўстлар билан суҳбат... чексиз-чегарасиз имкониятлар. Буларнинг бари биргина тараққиёт мўжизаси интернет боис телефон аталмиш қурилма билан қўлимизда пайдо бўлди.

Интернет оламидаги ижтимоий тармоқлардан мақсадли, фойдали манфаатлар асосига фойдаланилар экан, кишиларга жуда катта ёрдам беради. Бу ҳақиқатни бугун каттаю кичик бирдек билади.  Аммо озгина чалғишингизга йўл берсангиз не кўйларга солмайди.

Турли ғирром, жангари ўйинлар, ҳаёсиз фильмлар, турли оқимлар ташлаган тузоқлар бари-бари шу ердаки, бу аёниқса ёшларни ўз домига осонгина тортиб олади. Оқибатда эса...

Шахриёр Махмудов (исм-шарифлар шартли )ҳам ижтимоий тармоқларнинг “фаол” фойдаланувчиларидан эди. У шу даражада боғланган эдики, на атрофини идрок этар, на эртасининг ташвишини қилади, на яқинларини эшитарди.

Шахриёр вояга етиб бораркан, “Тик-Ток”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига турли бачкана видеороликлар, суратларни жойлаб, тарбиядан тамомила узилиб тартибсиз ҳаёт кечиришга мослашиб борарди. Унинг туни ҳам куни ҳам фақат виртуал олам ичидаги турли беўхшов тақлид видеороликлари, шармсиз суҳбатлар, онлайн-жонли мулоқот сохта туйғуларга айланиб борарди.

Худди ўзи каби “Тик-Ток”, “Instagram” ишқибози бўлган тенгдоши Амир Акбаров билан танишиб қоларкан, “виртуал дунёлари”ни бирлаштириб янада кўпроқ “обуначи”ларни жалб этиш илинжида бирлашишди. Турли мазмундаги бачкана видео ва суратларни кўпайтириб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаб боришди.

  • Сен менга обуначилар ва “пост”ларимдаги “лайк”ни кўпайтиришга ёрдамлашасан, мен сени ҳаққингни бериб бораман, - деди бир куни Шахриёр.

Кафолатсиз таклиф Амирга ҳам маъқул тушиб турли “ижод” намуналарини ташлай бошлади. Кунлар ўтиб бораркан, Амирнинг  Шахриёрдаги ҳаққи 500.000 сўм бўлганда аввал пулини тўласа кейин ишлашлигини айтиб тортишиб қолишди.

Ҳар иккови ҳам тажанг, қайсар ва жанжалкашлик табиатига кириб бўлгани боис уларнинг кўчадаги даҳанаки  тортишуви ёқлашадиган уруш-жанжалгача бориб кўчада муштлашиб кетишди. Аммо Шахриёр жисмонан кучсиз бўлиб енгилиб қолар, бу эса унинг аламзадалигини орттирарди. Ўзини тан берганликка солган йигит, бир зум тўхтаб қўлини кўтарди ва  “Ҳозир пулни олиб чиқаман”,  дея уйига кириб кетди. Амир мағрур, уст-бошини қоқиш билан овора турган бир пайтда унинг шарпаси келдию бошини кўтарди. Аммо шу пайт бирдан кўзи тингандай, кўксига бир нима қадалгандай, олам бошида айланаётгандай бўлди...

Дарҳақиқат, важоҳатини ичига ютишга мажбур бўлган Шахриёр уйига кириб ошхона пичоғини олиб қайтаркан, қалбида ёвузлик ғалаба қиларди. У катта қадамлар билан чиқиб келиб, кўча эшиги олдида уни кутиб турган ўртоғининг кўксига пичоқни санчди. Ўзини ўнглаб улгурмай яна ва яна қайтарди.

Бундай дахшатли ҳолат юз бериши бир, олти ёки ўн икки ой ичидаги назоратсизлик оқибати эмас. Йиллаб қолиб кетган лоқайдлик, эътиборсизлик, “қулоғим тинч” қабилида миқ этмай юриш маҳсули.

Эндигина йигирмани ҳатлаган, новдадек бир йигит бевақт, бировнинг эшигида, кўчада жувонмарг бўлди. Бири эса қасддан одам ўлдириш жинояти билан айбли деб топилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Надомат чекиш бефойда. Зотан вақтида малҳам қўйилмаган яра албатта газак олади ва шу тахлит оқибат топади.

Хўш, бу қадар вахшийлик, аламзадалик, жангарилик асоси нима эди?

Англаганингиздек, ўша “лайк” қайғусидаги қарздорлик можароси, тарбиядан тамомила узилиб қолган тартибсиз ҳаёт.       

Хулоса шуки, ҳар бир фарзанд жамият ва миллатимизнинг эртанги ҳаётига дахлдор мустаҳкам пойдевордир. Шундай экан ёшларнинг интернет уммонидаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланишида тартибли ва мақсадли ёндошиб, фарзандларимиз виртуал оламига назоратли бўлмоғимиз ҳам ўта зарур ва шарт бўлган масъуллигимиздир. Холбуки, юқоридаги каби кўнгилсизликларнинг юз бермаслиги, борингки бироз бўлса-да камайишига эришишимиз мумкин.

Акром АРИПОВ,

Олий суд бош консультанти