Қўмита томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидаги материалларнинг “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Шу доирада туроператорлар томонидан “Умра” тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид берилган рекламалар текширилди.
Натижада, Навоий вилояти ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари томонидан жами 3 та — “MUS ALI TOUR”, “Amirxan Travel” ва “TRAVEL ATA” МЧЖларга нисбатан лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда реклама жойлаштиргани учун белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Текширувлар якунларига кўра, мазкур корхоналарга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, Қўмитанинг Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан жами 9 та телеграм ва инстаграм каналлари (“Farg'ona tour 2022”, “Saidislom”, “SUX Umra ziyorati”, “Musaffo Travel”, “Haj_2025”, “Shaxand va qo'shni hududlar”, “Leaf travel”) ҳамда “Mustafa Travel” МЧЖ томонидан берилган рекламаларда ҳам қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди. Бу ҳолатлар бўйича мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қўмита маълумотига кўра, ўрганиш якунлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.