Учрашувда Қўмита раиси Р.Курбанов икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ишлар ва келгусида қилиниши кутилаётган масалалар юзасидан фикр билдирди. Суҳбатда икки мамлакат алоқаларини турли соҳаларда янада ривожлантириш масалалари, ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва туризм соҳаларида ҳамкорликлар юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат давомида Р.Курбанов жорий йил апрель ойида Навоий шаҳар ҳокими бошчилигидаги делегация Литвага ташриф буюргани ва ташриф давомида Висагинас ва Навоий шаҳарлари ўртасида ўзаро “биродарлашув алоқалари” меморандуми имзоланганини таъкидлаб, тадбирлар кўтаринки рухда ташкиллаштирилганлиги учун Л.Урманова-Внуковага ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.
Р.Курбанов томонидан Литвадаги ватандошлар фарзандларини келажакда Она Ватанини зиёрат қилиш учун ёзги таътил давомида Ўзбекистонга ташрифини йўлга қўйиш таклифи киритилди.
Қўмита томонидан Ватандошлар жамоат фонди ҳамда Литвадаги ўзбек маданий маркази аъзолари ўртасида учрашувни ташкил этиш бўйича таклифлар киритилди.
Л.Урманова-Внукова самимий қабул ва маълумотлар учун ўз миннатдорлигини билдириб, Литвада истиқомат қилаётган ватандошлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Литвада муҳожир ўзбекларнинг аксарияти бизнес, фан ва таълим соҳалари, турли ишлаб чиқариш муассасаларида фаолият олиб бориши, ўзбек диаспорасининг бир қисми давлат идораларида тиббиёт, таълим, адвокатура, авиация каби соҳаларда хизмат қилиши, литвалик ўзбеклар ҳудди Ўзбекистонда бўлгани каби жуда меҳмондўст ва ўзаро аҳил яшаши, биргаликда “Наврўз”, “Мустақиллик куни” каби миллий байрамларни нишонлаб келиши ҳақида сўзлаб берди.
Учрашувда Литва ҳукумати қошидаги Миллий озчиликлар масалалари билан ишлаш департаментининг жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифи ҳам муҳокама қилинди.
Л.Урманова-Внукова Марказнинг келажакда амалга оширишни мақсад қилган ишлари, режаларини айтиб ўтди.
Жумладан:
- Литвада ўзбек миллий байрамларини нишонлаш ҳамда адиблар, атоқли шахсларга атаб тадбирлар ташкил этиш;
- 2023 йилда “Анъанавий мусиқачилар” танловини ўтказиш ва ушбу танловда ўзбекистонлик мусиқачилар иштирокини таъминлаш.
Учрашув конструктив руҳда ўтди ва Л.Урманова-Внуковага Қўмита томонидан эсдалик совғалари берилди.