Варун Чандра (Буюк Британия бош вазирининг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси) ҳамда лорд Жон Олдердайс (Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили) билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг (UzNIF) жаҳон бозорларига муваффақиятли чиқиши ҳамда Британия бизнес доираларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётгани муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, ҳозиргача Буюк Британиядан Ўзбекистонга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошган.
Саида Мирзиёеванинг навбатдаги учрашуви жаҳондаги энг йирик активларни бошқарувчи компаниялардан саналган Franklin Templeton бош ижрочи директори Женни Жонсон билан бўлди.
Учрашувда мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш, молиявий бошқарув соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро клиринг тизимлари билан интеграция ҳамда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Женни Жонсон Ўзбекистонда IPOга тайёргарлик жараёни қисқа муддатда амалга оширилганини ва маҳаллий компаниялар акциялари савдоси юқори натижаларни кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаган.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Лондон фонд биржаси бош ижрочи директори Жулия Энн Ҳоггетт билан ҳам музокаралар ўтказди. Унда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг Лондон фонд биржаси платформасига муваффақиятли чиқиши, барқарор молиялаштириш, ESG стандартлари, “яшил” облигациялар ҳамда ўзбек компанияларини глобал бозорларда ишлашга тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жулия Энн Ҳоггеттнинг айтишича, UzNIF IPOси Лондон фонд биржасида сўнгги беш йил ичидаги энг йирик жойлаштиришлардан бирига айланган. Унинг таъкидлашича, бу Ўзбекистон иқтисодиётида олиб борилаётган ислоҳотлар ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ортиб бораётганининг ёрқин кўрсаткичидир.
Саида Мирзиёева глобал инвесторлар Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижаларини амалда кўраётгани ва мамлакат иқтисодиётига ишонч билдираётганини қайд этди.
Кечаги тадбирлар доирасида Президент администрацияси раҳбари Лондонда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор билан учрашди.
«Унинг биржа савдоларининг очилиш маросимида ёнимизда туриб, қўллаб-қувватлагани биз учун алоҳида аҳамият касб этди. Мулоқот давомида ўзаро алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш истиқболларига тўхталиб, олдинга қўйиладиган қадамлар борасида аниқ келишиб олдик», дейилади хабарда.
Аввалроқ Президент администрацияси раҳбари IPOга чиқиш ҳақида фикрларини билдириб ўтганди. У тизимли ва изчил ислоҳотлар натижасида мамлакат иқтисодиёти 3 баробар ўсгани, давлат институтлари самарадорлиги ортиб, инвесторлар учун кафолатлар мустаҳкамланганини қайд этган.