Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, «Ҳаёт ва таълим билан боғланган: Сора Эшонтўраева ва Ўзбекистондаги жадидчилик ҳаракати» деб номланган кўргазмада Сора Эшонтўраеванинг оилавий архивига мансуб 70 дан ортиқ тарихий суратлар, мактублар ва ҳужжатлар ўрин олган бўлиб, уларнинг аксарияти биринчи марта Ўзбекистондан ташқарида намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон маорифи тарихига бағишланган кўргазма Лондон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди ва унинг очилиш маросимида Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий доиралари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари жам бўлди.

Кўргазмада Сора Эшонтўраева ҳаёти ва ижодининг асосий босқичлари, унинг Ўзбекистонда замонавий театр санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси, Буюк Британия драматурги ва шоири Шекспир асарларини кенг тарғиб қилишдаги муҳим роли, шунингдек, ижтимоий, сиёсий ва маърифий фаолияти, жамиятда аёллар ролини оширишга қаратилган фаолиятига оид  фотосуратлар тақдим этилмоқда.

Дипломатик миссия вакиллари Ўзбекистонда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилаётган демократик тараққиёт, давлат раҳбариятининг маданият ва санъат ривожини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Янги Ўзбекистоннинг замонавий шаклланишига таъсир кўрсатган тарихий жиҳатлар (Буюк ипак йўли ва Шарқ Ренессанслари даврларидаги маданий алмашинув ва таълим жараёнлари) ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги машҳур профессионал актёри, ўзбек миллий  театри ва кино санъатининг йирик намоёндаси, буюк актёр Аброр Ҳидоятовнинг рафиқаси Сора Эшонтўраева санъат ва маданият соҳасидаги хизматлари учун қатор мукофотлар билан тақдирланган. У кўплаб таниқли ролларни, шу жумладан, Уильям Шекспир қаламига мансуб пьесалар асосида саҳналаштирилган спектаклларда бош ролларни ижро этган.