Миллатлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, барчага тенг ҳуқуқ ва имконият яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда Ўзбекистон тутган йўл энг барқарор ва одилона сиёсат сифатида баҳоланяпти. Юртимизда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва тинчлик йўлидаги ислоҳотлар Марказий Осиё минтақасида ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга улкан ҳисса бўлиб қўшилди.
Давлатимиз раҳбарининг бундан бир неча йил аввал БМТ минбаридан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилинганига оид ташаббуси амалда ўз тасдиғини аллақачон топди. Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласида таъкидланган фикр-мулоҳазалари Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ўз позициясини янада мустаҳкам эгаллаши учун замин яратди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган еттинчи маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликнинг мутлақо янги даври бошланиши учун пойдевор бўлишига шубҳа йўқ. Унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар минтақамизнинг умумий тараққиётига хизмат қила бошлади.
Шу жиҳатдан олиб қаралганда, АҚШда “С5 + 1” форматида бўлиб ўтган саммитнинг мазмун-моҳияти ҳам мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга йўналтирилди. Таъкидлаш лозимки, мазкур анжуман Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотнинг янги босқичини бошлаб бериши баробарида Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсатини бутун оламга намойиш қилди. Умуман, минтақавий ва глобал алоқаларнинг янги имкониятлари яратилишида бундай анжуманларнинг аҳамияти жуда катта.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшамоқда. Мавжуд этник диаспоралар тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантириш тамойиллари янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Миллатлараро тотувликни ривожлантириш давлат сиёсатида муҳим йўналиш экани ўзбекона бағрикенглик ва яхши қўшничилик анъаналари тарғиботи учун кенг йўл очади. Дунёнинг бошқа минтақаларида содир бўлаётган нохуш ҳолатлар билан боғлиқ мураккаб вазиятда тинчликни сақлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда бундай сиёсат муҳим омилга айланади, албатта.
Шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ҳам халқаро миқёсда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш йўлида тарихий ва ишончли қадам бўлди. Ташрифдан кўзланган мақсад ниҳоятда кўламдор, Тошкент ва Токио ўртасидаги муносабатлар нафақат икки томонлама, балки минтақавий ва глобал аҳамиятга эгадир. Токио шаҳрида Япония императори Нарухито ва Бош вазир Санаэ Такаичи ҳамда етакчи университет ва йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлардан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг кунчиқар мамлакат билан стратегик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
“Марказий Осиё + Япония” мулоқоти мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим платформа ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки маданий соҳаларда ҳам давом этаётгани ўзаро дўстлик ришталарини янги ва салмоқли босқичга олиб чиқади. Жумладан, бу мамлакат билан маданият ва санъатнинг барча соҳалари, музейшунослик, сайёҳлик ва бошқа йўналишлардаги алоқаларимиз муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
Жумладан, 2019 йил ноябрь ойида Япониянинг Токио, Майдзуру ва Такасаки шаҳарларида ўзбек маданияти ва санъатини тарғиб қилиш мақсадида маданий тадбирлар, ҳукумат вакиллари билан маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан учрашувлар ўтказилганди. Икки давлат маданият муассасалари ўртасида ҳам фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Чунончи, Ришшо университети билан Термиз археология музейи ўртасида битим имзоланган, бунга асосан, археология ва музей соҳасида ҳамкорлик қилинмоқда. Зеро, давлатларимиз ўртасидаги маданият йўналишидаги алоқалар соҳа вакиллари билим доирасини ошириб, турли маданий тадбирлар географиясини кенгайтиради. Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро фестивалларда Япония санъаткорларининг доимий иштирок этаётгани қувонарли воқеа, албатта.
Хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида “Нагаута-каи” япон шамисен мусиқа гуруҳи фаол қатнашиб, биринчи ўринни қўлга киритгани фикримиз далилидир. Бундан ташқари, 2018 йилда Шаҳрисабзда ўтказилган халқаро мақом санъати анжуманида япониялик ижодкор Камузаки Машуу учинчи ўринни эгаллаб, мухлислар олқишига сазовор бўлгани алоҳида эътиборга молик.
Жорий йил бошланишида CSPC-Japan ташкилоти томонидан ташкил этилган Токио халқаро санъат фестивали ҳамда Халқаро коллаборация концертида Маданият вазирлигига қарашли Р.Глиэр номидаги республика ихтисослашган мусиқа мактаби ўқувчилари иштирок этгани икки ҳамкор мамлакатнинг маданий алоқалар кўлами нақадар кенгайиб бораётганига яна бир мисолдир.
Ўзбек-япон халқларининг маданий ва савдо ришталари узоқ ўтмишга бориб тақалиши, Буюк ипак йўли бўйлаб бу икки миллатнинг ўзаро манфаатли алоқалари мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик даражасида шаклланиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Президентимизнинг Японияга ташрифи арафасида бу диёрда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилгани ҳам давлат раҳбарларининг ўзаро ҳурмат ва ишончли ҳамкорлик йўлидаги саъй-ҳаракатлари амалий натижасидир. Қалбга яқин бундай санъат байрами нафақат маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа, балки Осиё минтақасида ўзига хос ҳурмат ва эътиборга лойиқ тадбир, ҳамкорлар ўртасидаги илиқ муносабатнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Япония халқларини қадимий тарих, бой маданият, анъаналарга садоқат ва келажакка ишонч бирлаштириб туради. Икки тинчликпарвар мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тобора мустаҳкамланиб, сиёсий, иқтисодий ва, айниқса, маданий соҳаларда изчил ривожланаётгани халқларимиз бахти ва саодатидан дарак беради.
Халқлар ўртасидаги маданий алоқалар тинч, осойишта ва маърифатли давлатларга ярашади. Ўзбекистон ва Япония худди шундай мамлакатлар сирасига киради. Дунёда тинчлик ва эзгуликни сақлаш ўзбек ва япон халқларининг азалий орзусидир! Шуниси аёнки, барқарор тинчлик, осойишталик ҳукм сурган ўлкаларда санъат ва маданият гуллаб-яшнайди!
Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири