Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маданият соҳасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, соҳа вакиллари зиммасидаги масъулиятни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур фармонда маданият ва санъат соҳаси таълимини тизимли ислоҳ қилиш, миллий мусиқа ва театр санъати, илмий-тадқиқот ишлари ва ижрочилик маҳоратининг янги тизимини жорий қилиш мақсадида муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, миллий мусиқа санъати йўналишида таълим ва илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш алоҳида қайд этилди.
Ижрочилик маҳорати мактабларининг яхлит тизимини жорий этиш, бастакорлар, ҳофиз ва созандалар, бахшичилик санъати вакилларининг ноёб асарлари ноталаштирилиши, таълим жараёнининг узлуксизлиги ва узвийлиги таъминланиб, назарий ва амалий билимларни интеграция қилиш орқали мақом, бахши ва достон ижрочилиги йўналишларида истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш каби вазифалар санъат ва маданият соҳаси педагогикасининг юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Соҳада мунтазам амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини ижодкор ёшларнинг халқаро майдонда эришаётган қатор ютуқлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ёшларнинг ўз истеъдодини янада шакллантириш ва намоён этишида аввало, устоз зиёлилар, санъаткор педагогларнинг меҳнатини эътироф этиш ўринлидир. Зотан, ўзининг ҳаёти ва сермаҳсул ижоди билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган устоз ижодкорлардан қанча ибрат олинса кам. Уларнинг меҳнатини қадрлаш, фаолиятини муносиб эътироф этиш эса соҳанинг мунтазам ривожланиб боришида ўта муҳим.
Мазкур тизимли ислоҳотлар инъикоси Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ташкил этилган навбатдаги тадбирда ҳам акс этди. Шу куни Олий аттестация комиссияси томонидан маданият ва санъат соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ устозлар илмий унвонлар билан тақдирланди. Профессор илмий унвони билан тақдирланганлар сафидан санъатимиз ривожига ўзининг узлуксиз меҳнати, ижоди ва илмий салоҳияти билан ҳисса қўшиб келаётган ҳамда ўз фаолияти билан намуна бўлиб келаётган устозлар ўрин олди.
Озодбек Назарбеков, Гавҳар Матёқубова, Фаррух Зокиров, Замира Суюнова, Гавҳар Зокирова, Мирхалил Маҳмудов, Усмонқул Азимов, Алишер Икромов, Сойибжон Ниёзов, Омонилла Ризаев, Эркинбой Рўзматов, Оролмирзо Сафаров ва бошқа кўплаб эл ардоғидаги инсонларнинг ушбу рўйхатдан жой олгани санъат соҳаси вакилларини, ижодкор зиёлиларни, устозлардан ибрат олиб келаётган барча ёш ижодкорларни бирдек мамнун этди.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган қизғин ислоҳотлар санъат ва маданият соҳаси вакилларини ҳам тўлқинлантириши шубҳасиз. Дарҳақиқат, маданият ва санъат жамиятнинг илғор фикрли бўлиши, яратувчанликка интилиши, инсонларнинг яхшилик ва эзгуликка эш бўлишига таъсир этувчи катта кучдир. Маданий ислоҳотларнинг амалга ошишида соҳага қалб қўрини бағишлаган устозлар биз учун ҳамиша қадрлидир.
— Бугунги кунда маданият ва санъат оламидаги ўзгаришлар ниҳоятда жадал. Соҳада кўплаб иқтидорли ёшлар етишиб чиқаётгани ва улар нафақат юртимиз, шунингдек, жаҳон санъати саҳналарида ҳам муваффақият қозонаётгани бизни ғоят мамнун этади. Бу, аввало, уларга таълим бергаётган етук мутахассислар, педагоглар жамоасининг меҳнатлари самарасидир, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров.
Олий аттестация комиссияси томонидан доцент илмий унвони ҳам муносиб эгаларига топширилди. Бу қаторда Жаҳонгир Қосимов, Ҳилол Насимов, Ёлқин Тўйчиев Ашурали Жўраев, Камолиддин Ўринбоев, Козим Қаюмов, Қўчқор Норқобилов, Қурсия Эсанова, Ҳамидулло Ҳасанов, Ҳуррият Исроилова, Гулгина Зокирова, Шарапатдин Пахратдинов каби таниқли ижодкорлар бор.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти республикамизда таълимнинг анъанавий ва инновацион услубларини моҳирона қўллаб келаётган, илмий салоҳияти йилдан-йилга ўсиб бораётган етакчи олий таълим муассасаларидан бири сифатида эътироф этиб келинади. Мамлакатимиз маданият ва санъат соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшишда институт профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи олимлар ва ижодкор ёшлар доим елкадош ва ҳаммаслакдир.
Элдор ШЕРМАНОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори в.б.