Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Маданий мерос агентлигига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам муҳокама этилди. Ушбу масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан олиб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда бугунги кунда фаолият олиб бораётган 48 та давлат музейи ва уларнинг 73 та филиалида қарийб 2,5 млн музей ашёлари ва коллекциялари сақланмоқда. Шунингдек, 6 та нодавлат музей фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда жами 25 мингга яқин музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд.
Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари сони 1,3 миллионни ташкил этмоқда. Республикадаги музейларга 2021 йил давомида 2,4 млн, 2022 йилда қарийб 3,5 миллионга яқин киши ташриф буюрган.
Сенат томонидан олиб борилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида соҳада ютуқлар билан бир қаторда ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар долзарблигича қолаётганлиги маълум бўлган. Хусусан, музейлар соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда номувофиқликлар мавжудлиги аниқланган. Жумладан, давлат музейлари, музей қўриқхоналари ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Маданий мерос агентлигига ўтказилган бўлса-да, “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида Агентликнинг бу борадаги ваколати белгиланмаган. Шунингдек, музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда бўлиб, уларнинг сони 100 дан ортиқни ташкил этмоқда.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби белгиланган бўлса-да, ушбу фондга киритилмаган 1,2 миллионга яқин музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлашнинг аниқ тартиблари мавжуд эмас.
Давлат каталогининг электрон шаклини яратиш борасида муайян ишлар олиб борилган. Бироқ Давлат каталогининг босма маълумотлари ҳали шакллантирилмаган. Музейларга 2022 йил давомида ташриф буюрганларнинг 75 фоизи асосан 6 та музейга, 25 фоизи эса қолган 43 та музей ва уларнинг филиаллари ҳиссасига тўғри келган. Мазкур ҳолат аксарият музейларда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини англатади.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан музейларни аҳолига яқинлаштириш ҳамда имконияти чекланган юртдошларимиз учун ҳам тенг имкониятлар яратиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, сенаторлар томонидан музейларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида олис ва чекка ҳудудларга кўчма кўргазмалар ташкил этиш тизимини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
Муҳокама сўнгида Маданий мерос агентилигига қайд этилган муаммо ва камчиликлар юзасидан ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган парламент сўровини юбориш қарори сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.