Таъкидланишича, пойтахтимизда бугунги кунда маданий мерос ҳисобланган бино-иншоотларнинг 30 таси умумтаълим мактаби, 5 таси касб-ҳунар коллежи, 24 таси олийгоҳ, 109 таси вазирлик ва идораларнинг маъмурий бинолари сифатида фойдаланиб келинмоқда.

"Бироқ, ушбу бебаҳо меросимиздан фойдаланаётган идора масъулларининг барчаси ҳам улардан тўғри фойдаланаяптими?!

Афсуски, йўқ!

Биргина, пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида жойлашган, XIX асрга оид бетакрор архитектура ёдгорлиги бўлган (собиқ Эркаклар ва Аёллар гимназияси) Тошкент давлат юридик университети томонидан фойдаланиб келинаётган бинолар мутахассислар томонидан ўрганилганида, тегишли рухсатнома олинмасдан, бино деворлари тешилиб қайд этиш тахтачалари ўрнатилгани ва атрофлари бўялгани, совуткич (кондиционер) двигателлари ҳамда соябонлар ўрнатилгани аниқланган.

Олийгоҳ раҳбарияти томонидан қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатма бажарилмагани сабабли, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга тақдим қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 31.03.2022 йилги қарори билан олийгоҳнинг масъул раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима қўлланилди", дейилади хабарда.