Кундалик ҳаётимизда турли танловлар қаршисида бош қотиришга тўғри келади, жараёнда рақобатга дуч келамиз. Таққос, қиёс билан эса дидимиз юксалади. Бу борадаги қатъиятлилик бизга энг гўзали, энг қулайи ҳамда энг тўғрисини танлаш имконини беради. Рақобат билан ўсамиз, изланамиз, хуллас, ўз устимизда ишлаймиз. Бу биргина кундалик ҳаётимиз билан боғлиқ танловлар.
Умумхалқ, давлат миқёсидаги, айниқса, давлат рамзларини яратиш билан боғлиқ танловлар эса жуда нозик ва мураккаб масала. Уларда бутун бир халқнинг орзу-умидлари, келажаги ифода этилиши керак. Юзлаб давлатларнинг ўзига хос байроқлари орасида кўзимизга ўтдек кўринган, наздимизда истараси ҳам халқимизнинг истарасидек иссиқ бўлган муқаддас байроғимиз қанча-қанча ижодий асарлар орасидан муносиб дея танлаб олинган. Марказига бахт тимсоли — афсонавий ҳумо қуши зеб бериб турган гербимиз ҳам не-не тамғалар билан худди шу тариқа рақобатга киришган.
Ҳар куни беқиёс замин, жаннатмакон ўлкада яшаётганимизни дилимизга жо этиб тургувчи қадрдон мадҳиямиз эса мадҳияликка номзод 80 га яқин шеърнинг сардори сифатида қалбларимизга жо бўлган. Ҳар бири махсус комиссия томонидан ғоят синчковлик билан, жиддий кўриб чиқилган дастлабки мадҳиялардан қирққа яқини саралаб олиниб, уларнинг 27 таси танловнинг I босқичида иштирок этди. II ва III босқичлардан муваффақиятли ўтган 3 та мадҳия матни эса финал босқичига муносиб кўрилди. Булар — Мутал (Мутаваккил) Бурхонов ва Абдулла Орипов, Бахтиёр Алиев билан Абдулла Орипов, Рустам Абдуллаев ва Мирпўлат Мирзо ҳамкорлигидаги мадҳиялар эди.
1992 йил 10 декабрь куни Олий Кенгашнинг 400 дан зиёд депутат йиғилган 11-сессиясида гулдурос қарсаклару олқишлар билан Мутал Бурхонов ва Абдулла Орипов муаллифлигидаги ҳозирги мадҳиямиз қабул қилинди. Зеро, ўз ишининг моҳир усталари бўлган икки муаллифнинг улкан ижодий салоҳияти акс этган мадҳиямиз бошидан охирига қадар қалбимизни ҳаяжонга соладиган сеҳрга эга. Юртимизга хос барча улуғворлик, халқимизга хос барча буюклик мужассам бўлган унда.
— Давлат мадҳиясини яратишдек ўта масъулиятли, шарафли ишга бош қўшиш, энг олий танловда қатнашиш учун ҳам инсон ватанпарвар бўлиб яралмоғи лозим. Бугун севимли мадҳиямиз муаллифлари орамизда йўқ. Лекин улар ана шу буюк қўшиғимиз билан буюклигича қалбимизда яшайди. Мен ҳам улар билан ҳамнафас бўлганим, Ватанни мадҳ эта олишдек эзгу ишда иштирок этганимдан ниҳоятда бахтиёрман, — дейди Ўзбекистон бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев.
Ҳа, халқимизнинг ягона муқадас қўшиғини яратиш жараёнида иштирок этган барча юртдошларимиз чинакам ватанпарварлар. Улар ўз матнларида она диёримиз, халқимизни шарафлаган улуғвор сўзлари билан ватанни севаверадилар. Лекин мадҳиямизга ҳурмат бажо келтириб, ўнг қўлини кўксига қўйган ҳолда юракнинг тубидан унга ҳамоҳанг бўлиш ҳам ватанпарварликнинг энг юксак даражаси аслида. Бу даражага эришиш ўзини шу юртнинг фарзанди деб билган ҳар бир инсонга, ҳар бир юртдошимизга шараф бағишлайди. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида “...Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир”, деб ёзиб қўйилган.
Шу ўринда таассуф билан айтиш лозимки, аксарият юртдошларимиз, хусусан, ёшларнинг давлат мадҳиясига нисбатан ҳурматсизлик қилиши ҳоллари кўп кузатилади. Айниқса, таълим муассасаларида бундай ҳолатлар учраётгани кишини ўйлантиради. Ахир у оддий қўшиқ эмаски, янграётганида гаплашиб туриш мумкин бўлса. Ёки одобсизларча кулиш, у ёқ - бу ёққа аланглаш каби ҳолатлар мадҳия ижро этилаётган пайтда кечириладиган ҳолатми? Мадҳияни диққат билан тингламаслик, беҳурмат қилиш нафақат ўзини, бутун халқимизни, Ўзбекистон давлатини ҳурмат қилмаслик билан баробар эмасми?
Қонунда мадҳия ижро этилаётганда ўзимизни қандай тутишимиз кераклиги ҳам аниқ кўрсатиб қўйилган. Мадҳия тўғрисидаги қонуннинг 7-моддасида у кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди. Агар мадҳиянинг ижро этилиши давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади. Таълим муассасаларида ижро этиш — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан келишиб туриб белгилаб қўядиган қоидалар билан тартибга солинади. Қонунда мадҳияга оид шундай тартиб-қоидалар белгиланган.
Қонуннинг энг охирги — 13-моддасида эса “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ҳурмат қилиши шарт”лиги кўрсатилган. Зеро, Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради ҳамда БҲМнинг 25 бараваригача (6 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шундай экан, мактабгача таълим ташкилотларидан тортиб олий ўқув юртларида, давлат ташкилотлари ва идораларда мадҳияга эҳтиром кўрсатиш қонун-қоидаларига қатъий амал қилиниши зарур. Қонунчиликни бузганликда айбланган шахсларнинг ўз вақтида белгиланган тартибда жавобгар бўлишини таъминлаш мадҳияга нисбатан беписандликка барҳам беришда муҳим омил бўлади. Бунинг учун таълим муассасаларида педагог ходимлар, ташкилот ва идораларда раҳбарлардан давлат рамзларига фидойиликда ёшларга намуна, ибрат бўларлик маданият талаб қилинади. Зеро, мадҳиямизнинг мангу яшаши, аввало, мустақилликни, қолаверса, муқаддас қўшиғимизни асраб-авайлашимиз йўлидаги фидойилигимизга боғлиқ.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон”