Фарғона давлат университетининг ахборот технологиялари марказида имтиҳонга бириктирилган аудиториялар ёшларнинг эркин ва одилона синовдан ўтишлари учун барча шарт-шароитлар билан таъминланди. Кун давомида 4 сменада ўтказилаётган имтиҳонлар давомийлиги 1 соату 40 дақиқани ташкил этмоқда ва ота-оналар ҳам университет ҳудудида имтиҳонга кириш жараёнини бевосита кузатиб турибдилар.

Кириш имтиҳонларига қадар ҳудудий оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий нашрлар, Фарғона давлат университетининг расмий веб-сайти, телеграмм канали орқали ёшларга синовга қатнашиш тартиби ва бошқа зарур кўрсатмалар бериб борилди.

Имтиҳонлар адолатлилик тамойили асосида, кузатув камералари назорати ва кенг жамоатчилик нигоҳида ташкил этилиб, шаффофлик ва холисликни таъминлаш йўлида “imtihon.edu.uz” платформаси ишга туширилди. Ушбу онлайн транслация орқали мамлакатнинг исталган нуқтасидан туриб, жараённи холис кузатиш мумкин.

Айтиб ўтиш жоизки, жорий йилда олдинги йиллардан фарқли равишда 2021/2022 ўқув йили учун магистратура мутахассисликларига қабул квотаси сезиларли равишда ошган. Квотага асосан, 26 та магистратура мутахассисликлари бўйича 157 нафар магистрантлар қабул қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, эндиликда университетда янги ўқув йилидан бошлаб археология мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланиши йўлга қўйилмоқда. Айниқса, табиий ва аниқ фанлар йўналишида 8 турдаги мутахассисликларга тўлиқ давлат гранти асосида магистрантларнинг қабул қилиниши мазкур соҳалар тараққиётига пухта замин ҳозирламоқда.

Кўриниб турибдики, Фарғона давлат университетида синов жараёнларини адолатли ташкил этиш учун катта меҳнат қилинган. Чунки талаба 50 та тест саволларига компьютер орқали жавоблар белгилар экан, шу ернинг ўзида автоматик тарзда унинг натижаси ҳам маълум қилинмоқда.

Ҳозирги кунда магистратурага киришни мақсад қилган ёшлардан жами 2858 та ариза қабул қилинган бўлса, улар гуруҳларга бўлинган ҳолда, карантин талаблари асосида ҳеч қандай навбат ва ортиқча расмиятчиликларсиз имтиҳон топширмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, университетда магистратура имтиҳонлари жорий йилнинг 19 август кунига қадар давом этади.

Комила Исроилова