Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда магистратурага ҳужжат қабул қилиш жараёнида келиб тушган 4332 та аризанинг 1282 таси талаб даражасида эмаслиги, айрим ҳолларда сохта сертификатлар ҳам юкланаётгани айтилди.
Магистратурага қабул тугашига оз муддат қолганига қарамай ҳамон аксарият ОТМ томонидан бакалавриат босқичи битирувчилари дипломларини ўз вақтида расмийлаштириш якунламагани танқид қилинди. Бу, ўз навбатида, магистратурага кириш истагида бўлган абитуриентларнинг асосли норозиликларини келтириб чиқараётгани қайд этилди.
Масъулларга барча имкониятларни ишга солган ҳолда қисқа вақт ичида битирувчилар дипломларини расмийлаштиришни якунига етказиш ва қатъий назорат олиш юзасидан топшириқлар берилди.
Шундан сўнг иккинчи олий таълимга ҳужжатлар қабул қилишнинг бориши, тартиби билан боғлиқ маълумотларни расмий сайтларда эълон қилишдаги сусткашликлар ҳам танқид остига олинди.
Иккинчи олий таълимга қабулни амалга оширадиган барча ОТМ ректорларига юқорида қайд этилган маълумотларни аниқ ва батафсил эълон қилиш борасида кўрсатма берилди.
Сўнг яна бир муҳим масала – техникум битирувчиларини суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш ҳақида сўз юритилди. ОТМ ректорларига ушбу жараённи юқори савияда ташкил этиш юзасидан вазифалар топширилди.
Афсуски, сўнгги кунларда талабалар ва уларнинг ота-оналарига етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмагани сабабли талабалар томонидан белгиланган тартибларни тушунмасдан ҳужжат топширишга уруниш ҳолатлари кузатилмоқда.
ОТМ ректорларига ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Йиғилишда юқорида кўтарилган бир қатор масалалар юзасидан олий таълим муассасалари ректорларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.