Уларнинг ҳаракатлари оқибатида Ўзбекистон ҳудудида минглаб фуқаролар жабрланган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари биринчи гумонланувчининг хонадонидаги компьютер ва телефон қурилмаларини текшириш давомида унинг Telegram фойдаланувчиларига зарарли APK файллари ҳамда фишинг ҳаволаларини юбориб келганини аниқлаган.

Мазкур файллар орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари, телефон рақамлари ва банк карталарига оид маълумотлар қўлга киритилган. Шунингдек, гумонланувчи «Омад шоу» ва «Солиқ» логотипларидан фойдаланиб, фуқароларнинг Telegram аккаунтларини эгаллашга қаратилган сохта ҳаволаларни тарқатган.

Текширув давомида унинг жами 2 795,13 USDT, яъни қарийб 33,4 миллион сўмлик криптоактивларни қабул қилиб, кейинчалик бошқа банк карталарига ўтказгани маълум бўлган.

Иккинчи гумонланувчининг iPhone 15 Pro Max русумли телефони текширилганда, у ҳам яширин интернет сайтлари орқали зарарли APK файлларини яратиш билан шуғуллангани аниқланган. Электрон маълумотлар таҳлилида жами 12 та транзакция қайд этилган. Уларнинг умумий айланмаси 4 202 USDT ёки қарийб 50,2 миллион сўмни ташкил этган.

Барча қурилмалар ва электрон маълумотлар холислар иштирокида белгиланган процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳар икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 278-6-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.