Янги Ўзбекистоннинг яқин ва ўрта истиқболи тараққиёти дастурида маҳалла институтига алоҳида урғу берилиши унинг ижтимоий капитални шакллантириш ва миллий бирдамликни мустаҳкамлашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор тасдиқлади. Бу маҳаллани нафақат маъмурий бирлик, балки бетакрор тараққиёт моделининг марказий бўғини сифатида қабул қилишга қаратилган стратегик ёндашувни акс эттиради.
2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтига давлат эътиборининг янги босқичига ишорадир. Бу нафақат маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш, инфратузилмасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, балки маҳалланинг ижтимоий-сиёсий ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли давлат дастурларини амалга оширишни англатади. Ушбу ташаббус маҳаллани мамлакатнинг бутун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг марказига қўйишга қаратилган. Зеро, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз ҳам шундай намоён бўлади.
Эътиборлиси, жорий йил ушбу йўлда жуда катта мақсад ва мўлжаллар белгиланмоқдаки, уларнинг рўёби, шубҳасиз, маҳаллаларни мамлакатимиз тараққиётининг таянч бўғинига айлантиради. Масалан, Президентимиз раислигида 23 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йил учун 1 миллион нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллаларнинг сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифалари белгиланди.
Ёки 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасини олайлик. Бунга доир Президент фармони лойиҳасида қайд этилганидек, жорий йил биргина маҳаллани ривожлантириш йўналиши бўйича маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрнини яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 триллион сўм маблағ йўналтириб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, маҳаллалардаги муаммоларни бир вақтнинг ўзида тезкор ҳал этишда барча давлат органларига масъулиятни юклаб, ижрони 7/24 режимда онлайн назорат қилиш амалиётини йўлга қўйиш каби устувор вазифалар назарда тутилмоқда.
Ҳа, мақсадимиз эзгу — одамларни даромадли иш билан таъминлаш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш, мўлжалимиз аниқ — камбағаллик ва ишсизликни кескин камайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш. Юқорида айтганларимиз — устувор вазифалар эса ана шу мақсадга замин яратиши билан аҳамиятлидир.
Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Демакки, маҳалла жамиятнинг энг асосий пойдевори. Бу — маҳалла даражасидаги барқарорлик ва ижтимоий аҳиллик, умуммиллий барқарорликнинг гарови эканини англатади. Маҳалладаги ижобий муҳит аҳоли фаровонлигини таъминлашга, ижтимоий муаммоларни эрта аниқлаш ва ҳал қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, маҳалла давлат ва жамият ўртасидаги кўприк вазифасини ўтаб, давлат сиёсатининг бевосита аҳолига етиб боришини таъминлайди.
Бу ерда одамлар бир-бирини яхши танийди, қийинчиликда ёрдам беради, умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилади. Маҳалланинг анъанавий тузилмалари, қариялар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари ва ёшлар етакчилари орқали жамоавий қарорлар қабул қилинади, низолар тинч йўл билан ҳал этилади ва жамоат тартиби сақланади. Буларнинг барчаси аҳоли ўртасидаги ўзаро ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлаб, ижтимоий капитални бойитади.
Азалдан маҳалла институти юртимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар — дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнига залворли ҳисса қўшиб келади. Маҳалла институти чет эл тажрибасини андоза қила олмайдиган ягона тизимдир. Буни хорижлик экспертлар ҳам эътироф этиб, уни ўрганиш кераклигини таъкидлайди.
Ютуқлар билан бирга халқимиз менталитетига зид, масалан, “Оила — муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиши билан боғлиқ айрим ҳолатлар ҳам учраётгани ачинарлидир. Бундай пайтда маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир.
Қолаверса, маҳалла тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим марказ. Жамиятимизнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани ўзини оқламоқда. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаб, даромадни ошириш учун етарли ресурс ажратилди. Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтириляпти. Маҳаллаларга бизнес муҳити, оилаларга эса фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда.
Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти. Олдинга қўйилган мақсадларга эришиш учун еттита устувор йўналишни ўз ичига олган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилмоқда.
Одамларнинг билимини оширмасдан туриб, уларни “камбағаллик гирдоби”дан чиқариш имконсиз. Шу боис, мамлакатимизда сифатли таълим асосида инсон капиталини ривожлантиришга узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий “драйвери” сифатида қаралмоқда. Биргина мисол, болажонларнинг боғчалардаги қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани натижасида 1 миллион нафар аёл таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва даромад топиш имконига эга бўлди. Бу ишларни давом эттириб, камбағал оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун барча шароитлар яратилмоқда. Ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли йигит ёки қиз бўлиши учун имтиёзли таълим кредити ва давлат грантлари кўпайтирилаётгани қувонарли. Бундай оилаларни аниқлашда, албатта, маҳалланинг ўрни алоҳида.
Шу билан бир қаторда, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароитлар яратиш — кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади. Шу мақсадда дастур асосида қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган, шароити оғир мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланиши белгиланди. Натижада 2025 йилда 470 минг хонадонга қарашли томорқага сув борди, яна 790 минг хонадонда электр энергияси таъминоти яхшиланди.
2026 йили маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилмоқда. Бунда 32 та туман ва ижтимоий шароити оғир 328 та маҳаллани танлаб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Бу — янги тажриба. Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.
Жорий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла вакилларининг ўз вазифаларини янада уюшқоқлик билан олиб бориши учун, аввало, ишга муносабати ва масъулиятини ошириш, ҳудудлардаги ишларни тўғри ташкил этиш, маҳалла — адолат мезони экани, уларнинг иши шу мезонларга таяниши лозимлигини ҳар доим юракдан ҳис қилишга ундаши лозим. Зеро, маҳалла, энг аввало, фаровон оилаларимиз, қадриятлар бешиги бўлган маҳаллада ўсиб-улғаяётган маънавий ва жисмоний баркамол ёшларимиз, кўркам қишлоқларимиз, замонавий ва файзли масканларимиздир. Бу — маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни оқилона ҳал этиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлашда бизга берилган катта имконият бўлди. Бинобарин, жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими янада мустаҳкамланади.
Маҳаллани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифаларни, аввало, ўз иш услубимиз учун асосий тамойил сифатида белгилаб олишимиз, бу ғояларни кенг жамоатчилик орқали халқимиз турмуш тарзи ва маданиятига сингдиришимиз лозим. Натижада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида обод гўшалар, кўркам масканлар, маҳаллаларимизда намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бораверади. Ана шундагина одамларимизнинг ҳаётга ишончи юксалиб, яшашга, келажакка интилиши янада кучаяди.
Жойларда тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида маҳаллалардаги ҳар бир кўчани ободонлаштириш, хонадон ва томорқа маданиятини ривожлантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларни кенгайтириш лозим. Ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини кенг жалб этган ҳолда ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар маҳалла ободлиги ва хавфсизлиги, ўз навбатида, юрт тинчлиги ва осойишталигига хизмат этади.
Шу маънода, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ватанпарварлик, миллий ғурур, бағрикенглик, оилапарварлик, меҳр-оқибат каби фазилатларни шакллантириш учун мустақил иш сифатида “Менинг маҳаллам — менинг фахрим” мавзуси бўйича лойиҳани йўлга қўйганмиз. Талабалар ўз маҳалласи тарихи, ҳурматли инсонлари, анъаналари, замонавий ҳаёт фаолияти ҳақида альбом-тақдимот ишлаб чиқади, уларни гуруҳда, маҳаллада тақдимот қилади, маҳалла ривожи бўйича ўз таклиф ва тавсияларини тайёрлайди.
Ушбу лойиҳа университетимизда 2017 йилдан буён давом этиб келмоқда. Ўтган даврдаги кузатувимиз шуни кўрсатмоқдаки, лойиҳаларни бажариш, изланиш олиб бориш, уларни тақдимот қилиш жараёнлари талабанинг дунёқарашига ижобий таъсир этмоқда, уларда маълум бир маънавий юксалиш сезилмоқда. Мазкур тажрибани бутун республикада оммалаштиришга киришилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг 2025 йил 13 августдаги “Олий таълим ташкилотларида “Менинг маҳаллам — менинг фахрим” лойиҳасини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Мазкур лойиҳа бевосита университетимиз бошчилигида амалга оширилаётир. Лойиҳа талабаларда юртга садоқат, бағрикенглик, ватанпарварлик ва меҳр-оқибат ҳиссини ривожлантириш, жамиятимиз асоси бўлган маҳалла институтининг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганишга хизмат қилади.
“Менинг маҳаллам — менинг фахрим” лойиҳасида ортиқча дабдабабозлик йўқ, аксинча, бу оддий кундалик ишимиз сифатида намоён бўлиши керак. Яъни олий таълим муассасалари фалсафа фанини ўқитиш жараёнида мустақил ишни бажариш учун талабаларни ўз маҳаллаларига йўллайди, тайёрлаган тақдимотини баҳолайди. Маҳаллалар эса талабаларга лойиҳани бажариш учун шароит яратади, ёшлар етакчиси талаба билан ҳамкорлик қилади, талабани маҳалла фаолиятига жалб этади.
Худди шу каби маҳалла хотин-қизлар фаоли талаба қизларимиз билан ҳамкорлик қилади. Аълочи, жамоат ишларида фаол талабалар ва уларнинг ота-оналари моддий ва маънавий рағбатлантирилади. Бу эса ёшлар, умуман, аҳолининг илм-фанга қизиқишини кучайтиради, ёшлар ўз маҳалласи билан танишади, кейинчалик қаерда бўлишидан қатьи назар, маҳалласини эслаб юради. Хуллас, ушбу ташкилотлар ҳамкорлигида ҳар йили маҳаллаларга камида 300-400 минг талаба боради, бу эса катта муваффақият — жамиятимизда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигига эришишга катта ҳисса қўшиш дегани.
Мамлакатимизда 1 миллион 700 мингдан зиёд талаба бор. Агар лойиҳа уларнинг барчасини қамраб олса, маҳалла чинакам қадриятлар масканига айланади. Чунки ёшлар, талабалар ғояга бой, ташаббускор. Талабаларнинг ана шундай креатив ғоялари маҳаллани ҳаракатга келтиради. Тўй ва маросимлар ўтказишга, данғиллама иморат ва ҳашаматли автомобиллар сотиб олишга муккасидан кетган одамлар исрофгарчиликка эмас, балки илм-фанга, фарзандларини билимли қилишга пул, сармоя ажрата бошлайди. Маҳаллаларимизда чинакам маънодаги миллий қадриятлар мустаҳкамлана бошлайди.
Қолаверса, Учинчи Ренессанс устунлари бўлган профессор-ўқитувчи ва педагогларнинг талабалар билан бирга маҳаллага кириб келиши маҳалла ривожига, қиёфасининг ўзгаришига, камбағал оилалар камайишига олиб келади. Фаол талабалар маҳаллалардаги уюшмаган ёшларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Жойларда ўқувчилар билан учрашувлар ташкил этиляпти. Талабалар лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари билан учрашиб, ўзларининг бўлажак касблари ҳақида ёшларга тушунча бермоқда. Бу жараён ўқувчи ёшларда касбга оид маълум тасаввурлар ҳосил қилишига ёрдам беради.
Шу билан бирга, ёшлар ўз маҳалласи тарихи, таниқли инсонлари ҳақида маълумотга эга бўлади. Бу эса эртанги кун эгаларида ахлоқий фазилатларни юксалтиради. Кузатишларимизга кўра, бу ҳолат ўқувчиларда пухта билим олишга қизиқишни оширмоқда. Демакки, лойиҳа орқали иккита мақсад — маҳаллани қадриятлар ва илм масканига айлантириш, бу билан Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга йўл очган бўламиз.
Кези келганда яна бир фикрни айтиш ўринли. Лойиҳа эзгуликка, ёшларни умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшаётган экан, демак, ижтимоий фанларга эътибор кучайтирилаётгани самара беряпти. Акс ҳолда, дунёқараши бир томонлама шаклланган, ўзидан бошқани ўйламайдиган, халқ, давлат ва жамият тушунчаларидан бегона ва бугунги кунда чет элларда “бой берилган авлод” дея аталаётган ёшлар синфи бизда ҳам вужудга келиши мумкин эди.
Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида “Бундан 60-70 йил илгари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қийинчилик ва моддий тақчиллик йилларида хорижда ишлаб чиқилган ва асосан, маънавият ва гуманитар таълимга пул сарфлаш зарур эмас деб ҳисобланган ва мутлақ ғоясизликка асосланган ижтимоий концепциянинг оқибатлари қандай бўлганини бугун кўриб турибмиз”, дея қайд этади. Демак, ижтимоий фанларни ўқитишга эътиборни аямаслигимиз керак. Беш йил, ўн йил ўтар, сарфланган маблағ изсиз кетмаганининг гувоҳи бўламиз.
Жанубий Корея, Япония, Сингапур каби давлатлар тажрибаси ҳам таълим ва тарбияга сарфланган молия ўзини оқлаганини бутун дунёга намоён қилди. Шундай экан, таълим тизимининг барча босқичларида ижтимоий фанларни қай тарзда тақсимлаш, ўқитиш ва амалиёт соатларини қандай ташкил этишга доир махсус концепцияни ишлаб чиқиш эҳтиёжга айланди. Шу сабабли Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида айтганидек, “Узлуксиз таълим тизимида ижтимоий фанларни ўқитиш тартиби ва тамойиллари тўғрисида” қонун ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш эҳтиёжи мавжуд. Шундагина биз миллий иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида ҳар томонлама билимли, чинакам замонавий кадрларни тайёрлашга эришамиз.
2026 йилнинг мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтига давлат эътиборининг янада ошгани, маҳаллалардаги бунёдкорлик ишларининг янги босқичига ишорадир. Бу нафақат маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш, унинг инфратузилмасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, балки маҳалланинг ижтимоий-сиёсий ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли давлат дастурларини амалга оширишни англатади. Ушбу ташаббус маҳаллани мамлакатнинг бутун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг марказига қўйишга қаратилган.
Биз маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишини таъминлашимиз, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантиришимиз, жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтиришимиз лозим. Бунинг учун эса маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш зарур.
Ўз навбатида, булар фуқароларнинг ўз уйи ва кўчасини озода сақлаш, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилиш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтириш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, “маҳалла еттилиги” томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишга сафарбар этади. Шунингдек, маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакиллари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал фуқароларга ажратилаётган бюджет ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш, маҳаллаларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга хизмат қилади.
Қисқаси, Президентимизнинг навбатдаги Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг бугунги ва келажак тараққиётида маҳалла институтининг муҳимлигини стратегик даражада белгилаб берди. Маҳалла бу — нафақат ўзбек жамиятининг тарихий мероси, балки ижтимоий капитални шакллантирувчи, миллий бирдамликни таъминловчи, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи ва умуман, мамлакат тинчлиги ҳамда равнақидаги асосий пойдевор ҳамдир.
Исмоил САИФНАЗАРОВ,
ТДИУ профессори, фалсафа фанлари доктори