Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш ҳамда уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича имтиёз жорий қилинади.
2021 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловларини тўлаб берилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқаролар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг асосий кўрсаткичлари сифатида қуйидагиларни белгилади:
– тегишли ҳудудда кўча ва кўп квартирали уйлардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
– ўзи яшаётган кўча ва кўп квартирали уйлардаги “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш;
– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларга, боқувчисини йўқотган оилаларга, нотинч ва муаммоли оилаларга ёрдам кўрсатиш;
– аҳолининг иссиқлик ва электр энергиясидан, табиий газдан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланишларини тарғиб қилиш;
– тегишли худудда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалаларида фуқаролар йиғини кенгашига берган таклифлари билан ўзига бириктирилган ҳудуд осойишталиги ва ободлиги учун кўмаклашиш;
– аҳоли тинчлиги учун хавф туғдирувчи ҳолатларни бартараф этиш мақсадида фуқаролар йиғинига ёки мутасадди органларга хабар берганлиги натижасида тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
– фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарорлари бўйича амалга оширилган тарғибот ишлари.
Қуйидагиларни назарда тутувчи Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойда компенсация пул тўловларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:
– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқаролар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш;
– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқаролар фаолиятини фуқаролар йиғинининг кенгашида муҳокама қилиш;
– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойда компенсация пул тўловларини тўлаш.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари орқали тўланади.