Ўрта Чирчиқ туманидаги “Майрамкўл” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулиса опа Билданова “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган 28 нафар хотин-қизнинг бири эди. Ўтган йилги карантин даврида оиласи бироз қийналиб қолган аёл субсидия асосида берилган 7,5 миллион сўм кредитга мўъжазгина иссиқхона барпо этиб, сабзавот ва кўкатлар етиштириш орқали хонадонига даромад киритди.

Астойидил қилинган меҳнат ортидан етилган ҳосил ёмон бўлмади. Қаҳрамонимиз иссиқхонани сира бўш қолдирмайди. Мавсумга қараб, турли сабзавотларни етиштиради. Кўкатлардан кейин рўзғорга, ортгани бозор учун, деб помидор экди. Кўчатлар бўй чўзиб, ҳосилга кириш арафасида турибди. Маҳалладан бириктирилган мутахассис йигит тез-тез келиб, кўчатни парваришлаш йўл-йўриғини ўргатади. Зарур чора-тадбирлар бўйича тавсиялар бериб, опага амалий кўмак беради.

Мактабни тамомлаб турмушга чиққан Гулиса опа ҳаётидан нолимайди. Турмуш ўртоғи билан биргаликда рўзғорни тебратиб, 3 фарзандни тарбиялаб келишяпти. Оила бошлиғи узоқ йиллар бир ташкилотда оддий ишчи бўлиб меҳнат қилган. Гулиса опа ҳам оилага кўмак бўлсин, дея 8 йил уйига яқин жойдаги паррандачилик фабрикасида ишлади. Болалигидан чорва моллари, парранда боқиб катта бўлган қаҳрамонимиз учун бу жуда мароқли иш эди. Фабрикада ғоз, товуқ, жўжаларни парваришлаш, тухумларни инкубаторга жойлашни завқ билан бажарарди. Унга бириктирилган 2 нафар қизга бу ишларни астойидил ўргатган.

Қийинчиликлар бир-бирига уланиб келади, деганлари рост. 2020 йилда бошланган карантин бир томонда қолиб, оилада бошқа муаммолар ҳам юзага кела бошлади. Гулиса опанинг турмуш ўртоғи бироз беморлиги сабаб ишдан бўшаб, уйда ўтириб қолди. Август ойида қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам бетобланиб, фабрикадаги ишидан кетди. Ёрдам сифатида қуриб берилган 2 сотихли иссиқхона оиланинг ягона даромад манбаига айланди.

Гулиса опа анчайин ҳаракатчан, меҳнатни яхши кўрадиган аёл. Қалбидаги шижоат сабаб ўтган йили декабрь ойида маҳаллага иш сўраб чиқди. Маҳалла раиси ўринбосари Маҳаммаджон Маматқулов ака дарров аёлнинг шароитини ва албатта, ғайратини кўриб, фабрикадаги ишини ўз уйида давом эттиришини маслаҳат берди.

— Уларнинг таклифлари менга маъқул келди. Рози бўлганимдан сўнг, орадан 10 кун ўтар-ўтмас банк ходимлари суҳбатлашгани келишди, — дейди қаҳрамонимиз. — Очиғи, ишлар бу қадар тез бошланиб кетишини кутмагандим. Маҳалланинг тавсияномаси асосида 2 ҳафталик курсда ўқиб, сертификат олганимдан сўнг, банк томонидан 5-6 кун ичида товуқхона учун 33 миллион сўм кредит ажратилди. 550 дона “Новиген” зотдор товуқлари келтириб берилди.

“Маҳаллабай” тизимнинг самарасини ўз ҳаётида ҳис этган оила янада шижоат билан меҳнатга киришди. Уларга берилган товуқларнинг барчаси тухум қилади. Соҳани яхши тушунадиган Гулиса опа тухумлар оддий шароитдан кўра, инкубаторда сифатли жўжа очишини билгани боис, 8 миллион сўмга инкубатор сотиб олди. Мазкур инкубатор бир мартада 1 минг 200 донадан жўжа чиқаради. Аппаратни бошқариш қийин эмас — идишидаги сув доим тўлдирилиб, суткада бир марта қурилманинг эшигини очган ҳолда, ички қисми 10-15 дақиқа шамоллатиб турилса бўлгани. Унинг ўзи ҳар икки соатда автоматик тарзда тухумни айлантириб, зарур ҳаво ҳароратини ушлаб туради. Тухумлар 20-21 кунда жўжа очиб чиқади.

3 кунлик тетик, зотдор жўжаларнинг бозорда харидори чаққон. Бу жўжалар 5 ойда бақувват товуққа айланади. Гулиса опа талабга қараб, ҳам жўжа, ҳам товуқ сотади. Қаҳрамонимиз олган даромадига чорва моллари олиб, эҳтиёжидан ортганидан маҳалладошларини сут-қатиқ билан таъминлашни ўйлаган. Буғдойдан кейин ер олиб, макка экиш нияти ҳам бор. Банкдан олган кредитларини ўз вақтида тўлаётган аёл, рўзғордан орттириб, ана шу режалари учун маблағ йиғаяпти. Келгусида 3 мингта жўжа чиқарадиган инкубатория қуриб, ёшлар ва хотин-қизлар учун иш ўринларини кўпайтирмоқчи.

Бу оиланинг бошқа аъзолари ҳам эътибордан четда қолмаган. Қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи буғалтерлик курсида бепул ўқитилгач, қўлидаги сертификати билан яхши бир ишга жойлашди. Ўтган йили олий ўқув юртига кира олмаган катта ўғли эса “Ёшлар дафтари” рўйхатига олиниб, ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитиляпти.

Бугун ҳаётидан, турмушидан рози бўлиб яшаётган Гулиса опа тадбиркорликка қизиқадиган хотин-қизларга шошмасликларини, ҳар қандай ишни бошлашдан олдин ўша соҳани ўрганиб, шогирдликка тушган ҳолда, бир муддат ишлаб кўришни маслаҳат беради. “Паррандачиликка қизиқадиган аёллар бўлса, бемалол менинг олдимга келишсин. Йўқ демайман, қўлимдан келганича ўргатаман. Чунки шу йўналишда оз бўлсада билимга эга бўлишса, ишни тезда уддалаб кетишади, кредитни тўлашга ҳам қийналишмайди”, — дейди меҳнат қилган инсон кам бўлмаслигини ўз мисолида кўраётган аёл.

Муҳтож хотин-қизларга тиргак бўлиб...

Ана шундай матонатли, меҳнаткаш аёлларни Ўрта Чирчиқ туманидаги 62 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг барида учратиш мумкин. Ҳудудда истиқомат қилаётган 148,8 минг аҳолининг 72,5 мингини хотин-қизлар ташкил этади. Шундан 2 298 нафари “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган.

Туманда кам таъминланган хотин-қизларга иш бериб, рўзғорини тебратишларида кўмаклашаётган тадбиркор аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади. “Достонбек Азизбек” фермер хўжалиги раҳбари Комила Жуманазарованинг асли касби педагог бўлган. Турмуш ўртоғи хасталикка чалиниб, у ташкил этган фермер хўжалиги тугатилиш арафасида турганида, аёл умрдошининг ёнига кириб, у бошлаган ишларни давом эттирди, ривожлантирди. Ҳозир “Достонбек Азизбек” фермер хўжалиги Комила опа раҳбарлигида тумандаги энг илғор корхоналардан бирига айланган.

Қаҳрамонимиз 2020 йил синовли келиб, кўплаб режаларни пучга чиқарганганига қарамай, меҳнат қилишдан тўхтамади. Ипак қуртини боқиб, жараёнда маҳалладаги 20 та эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлади. 17 қути ипак қурти олиб, аёлларга бўлиб берди. Меҳнатларига ойлик маош тўлаб, пандемия даврида уйда ўтирган хотин-қизлар рўзғорининг бир томонини кўтаришга кўмаклашди.

176,7 гектар ер майдонига эга фермер хўжалигида пахта, ғалла, сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. 50 га яқин киши иш билан таъминланган. Уларнинг кўпчилиги “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлардир. Бундан ташқари, Комила опа “Жуманазаров Хакимжон томорқа хизмати” МЧЖ ташкил этиб, ҳудуддаги фермер ва қишлоқ хўжалиги ерлари эгаларига томорқа хизматларини кўрсатиб келмоқда. Бугун аёлнинг кўксини безаб турган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони самарали меҳнати, соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси, юрт тараққиёти йўлидаги жонкуярлиги учун берилган эътирофдир.

— 27 йиллик иш тажрибасига эгаман, — дейди Комила Жуманазарова. — 2021 йил мен учун жуда баракали йил бўлди, десам адашмайман. 7 март  куни “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, 24 март куни “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонлари билан тақдирландим. Бу рағбат, эътибор ва эъзоздан бошим осмонга етди. Аслида, меҳнатларимни қадрлаб, ишонч билдирганларининг ўзи катта эътироф. Бугун маҳаллаларнинг қадр-қиммати юксалиб, жамият, инсонлар ҳаётидаги ўрни ошиб бораётганини кўриб яшаш қанчалик шараф эканини сўз билан ифода этиш қийин, буни ҳис қилиш керак. Бу ўз олдимга улкан режалар қўйишга ундайди.

Комила опа ўзи яшаб турган Абдулла Қаҳҳор кўчасинининг бир фуқароси сифатида унинг ободлиги учун ҳиссасини қўшишдан оғринмайди. Баҳорнинг илк ойларида маҳалладошлар билан биргаликда уни янада обод қилишди. Арча, гуллар экиб, намунали кўчага айлантиришди. Қайта таъмирланган болалар майдончасида ўғил-қизлар вақтини мароқли ўтказмоқда. “Бу ишимиз бизга яратиб берилаётган имкониятлар, аёлларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор олдида денгиздан бир томчи, холос. Юртимизда қанча тадбиркорлар, фермер ва дехқонлар бор. Бу дегани — бизда қолоқ маҳаллалар бўлмайди. Бунинг учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим”, — дейди халқ корига яраётган яна бир замондошимиз.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири