Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини, кекса ва ногиронларни манзилли қўллаб-қувватлаш йўналишидаги фаолият самарадорлигини янада оширади.
Эътиборлиси, маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш “Маҳалла” ҳайрия жамоат фондининг ҳам устувор вазифасидир. Фондимиз узоқ йиллардан бери кам таъминланган оилалар, ногиронлар якка-ёлғиз кексаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 6 мингдан зиёд эҳтиёжманд юртдошларимизга фонд маблағлари ҳисобидан қарийб 4 миллард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 2 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларга 1,5 миллиард сўмга яқин, ижтимоий ҳимоя муҳтож оилаларга эса 1 миллиард сўмдан зиёд малбағ йўналтирилди. Шунингдек, 700 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга 500 миллион сўмдан зиёд, 300 га яқин якка-ёлғиз кексаларга эса 200 миллион сўмга яқин маблағ сарф этилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари табиий офатдан азият чеккан оилаларнинг ҳолидан ҳам хабар олинди.
Дарвоқе, маҳалла идораларининг моддий-техник имкониятларини янада мустаҳкамлаш ҳам – эътиборимиз марказида. Ўтган 11 ой давомида 604 маҳалла идораларига 3 миллиард 608 миллион сўмлик мебель ва компьютер жамланмалари олиб берилди. Бу йўналишдаги ишларимизни кейинги йилда ҳам давом эттириб, маҳалланинг нуфузини янада оширишга хизмат қиламиз.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида маҳалладаги инфратузилмани янада яхшилаш ва аҳолига қулай шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, кейинги йилда маҳаллаларда сув ва электр энергияси таъминотини яхшилаш, йўл ва мактаб қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун 8 триллион сўм маблағ йўналтириши ҳаммамизни қувонтирди. Кўзланаётган янги марралар “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилинган 2023 йилнинг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги аҳамияти нақадар юксак эканини яна бир карра исботлайди.
Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир. Маҳаллага берилган бундай юксак таъриф унинг зиммасидаги масъулиятнинг юки нақадар залворли эканини кўрсатади. Шу жиҳатдан маҳалларда кутубхоналар ташкил этиш ғояси фуқаролар йиғинларининг тарбия масканига айлантириш учун қўйилган навбатдаги қадамдир. Энди маҳаллалар ҳудуднинг ижтимоий муаммолари билангина шуғулланадиган идора эмас, балки чин маънодаги тарбия масканига айланади. Президентимиз Мурожаатномасидан кейин фондимиз ҳам ўз олдига қатор вазифаларни белгилаб олди. Хусусан, маҳалла кутубхоналари китоб фондини бойитишга алоҳида эътибор қаратамиз. Кейинги йилдан бошлаб қатор нашриётлар билан “Маҳаллалар учун китоб” лойиҳасини ишга туширамиз. Лойиҳа доирасида ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара китоблари маҳаллаларга олиб берилади.
Бундан ташқари, Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишидаги ишларимизни ҳам сифат жиҳатдан янгитдан кўриб чиқамиз. Кексалар ва ёшлар ўртасида маърифий учрашувларни кўпайтирамиз. Бир сўз билан айтганда, кейинги йилдаги режаларимиз маҳалланинг ижтимоий ҳаётнинг энг қайноқ нуқтасига айлантиришга хизмат қилади.
Дилшодбек Усманов,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди
республика бошқаруви раиси