Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтининг ўрни ва нуфузини янада ошириш, фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2020 йилдан бошлаб 22 март санаси Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида нишонлаб келинаётгани эса ушбу соҳага юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси. Мазкур сананинг айнан Наврўз айёми билан ҳамоҳанг равишда байрам қилинишида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Зеро, Наврўз янгиланиш, эзгулик ва бирдамлик байрами бўлса, маҳалла ана шу қадриятларни ҳаётга татбиқ этувчи, одамларни бирлаштирувчи муҳим маскандир.

Халқимиз манфаати йўлидаги саъй-ҳаракат

Ҳозир эришилган натижаларни таҳлил қилиш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш учун ҳам муҳим фурсат. Шу маънода, бугун маҳалла тизими фаолиятининг самарадорлиги аниқ рақамлар ва амалий натижаларда ўз ифодасини топмоқда.

Қуйида келтириладиган рақамлар шунчаки статистика эмас. Улар замирида маҳалла тизимини ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имконият ва шарт-шароитлар, “еттилик”нинг 8992 маҳаллада ишлаётган 55 мингдан ортиқ ходими ҳамда қарийб 1 миллионга яқин жамоатчилик фаолининг масъулияти, ягона мақсад, яъни халқимиз манфаати йўлидаги саъй-ҳаракати мужассам.

Кейинги йилларда нутқимизда “ишсизликдан (камбағалликдан) холи ҳудуд” деган ибора тобора кўпроқ қўллана бошлади. Рости, кўпчилигимиз аввал бу каби мақсадларга эришишни қийин ёки деярли имконсиз деб ўйлаганмиз. Бироқ “еттилик”, маҳаллабай ишлаш тизими йўлга қўйилгач, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги изчил чора-тадбирлар бу қарашларни амалда инкор этди. Натижада ўтган йил якунларига кўра, 2090 маҳалла ишсизликдан, 1435 маҳалла эса камбағалликдан холи ҳудудга айланди.

Очиғи, бу рақамларни айтишгина осон. Бундай ўйлаб қаралса, улар моҳиятида минглаб оилалар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, барқарор даромад манбаига эга инсонлар, янги иш ўринлари ва тадбиркорлик имкониятлари мужассам. Биз учун қувонарли жиҳати шундаки, бу натижалар маҳалла институтининг аҳоли турмуш даражасини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганини яққол намоён қилмоқда.

Жорий йилда мазкур йўналишдаги ишларимизни янги, сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш бўйича зарур ­чора-тадбирларни ишлаб чиқяпмиз. Зеро, Президентимиз камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3500 тага етказиш вазифасини қатъий белгилаб қўйган. Агар биз бу вазифани уддаласак, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг энг муҳим мақсадларидан бирига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Тинчлик ва хавфсизлик ҳар қандай жамият тараққиётининг энг муҳим шартларидан. Шу нуқтаи назардан қараганда, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳам маҳалла тизимининг ўрни беқиёс. Ўтган йили 4388 маҳалланинг жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантирилгани тинч-осойишта муҳитни таъминлашда маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги қанчалик муҳимлигини намоён этади. Бу эса жиноятнинг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамоатчиликнинг ҳамжиҳат ҳаракати орқали самарали таъминланишини кўрсатади.

Бугун оила институтини мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Оилавий муаммоларни ўз вақтида чуқур ўрганиш, уларга мақсадли ва самарали ёрдам кўрсатиш, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўналишидаги ишлар тўғри ташкил этилса, маҳаллада ажрашишлар сезиларли даражада камаяди, ёшлар ўртасида соғлом оилавий муносабатлар шаклланади ва барқарор, мустаҳкам оилалар сони кескин ортади.

Ушбу жараёнда жамоатчиликнинг иштироки ва масъулияти кескин кучаяди, маҳаллада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳити қарор топади. Бу борада қилинган тизимли ишлар самараси ўтган йили ҳам яққол намоён бўлди: 1670 маҳаллада ажрашиш ҳолатларининг олди олингани оилаларни асраш, ёшларни тўғри тарбиялаш борасида маҳалланинг аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади.

Яна бир жиҳат. Маҳалла, аввало, одамлар муаммосини яқиндан биладиган тизим. Ўтган йили маҳаллага келиб тушган 4,8 миллиондан ортиқ мурожаатнинг 89 фоизи айнан шу ернинг ўзида ҳал этилди. Бу, ўз навбатида, самарали механизм йўлга қўйилганини англатади. Жорий йилда маҳаллалардаги муаммоларни бир вақтнинг ўзида тезкор ҳал этишда барча давлат органига масъулият юклаб, ижрони 24/7 режимда онлайн назорат қилиш амалиётини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ҳозир манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бу тартибни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқиляпти.

Маҳалла фақат маъмурий тузилма эмас, балки оилаларни асраш, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган муҳим ижтимоий-маънавий маскандир. Шу боис, бу каби натижалар жамиятимизда соғлом ва барқарор муҳитни шакллантиришда маҳалланинг ўрни ва масъулияти қанчалик улкан эканини яққол кўрсатмоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш маҳалланинг тарбиявий ва ижтимоий салоҳиятини янада кучайтиришни талаб этади.

Хитойлик профессор ва экспертлар эътирофи

Ислоҳотлар марказида, шубҳасиз, инсон қадри, муносиб ҳаёт кечириши масаласи турибди. Ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш ҳам муҳим.

Хитой камбағалликни қисқартириш бўйича етакчи давлатлардан. Унинг тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш учун Фудан университети профессори Ван Сяолин ҳамда Пекин педагогика университети профессори Чжан Си билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Дастлабки босқичда жорий йил февралда улар иштирокида республика бўйлаб “маҳалла еттилиги”нинг оғир тоифадаги 903 маҳаллада фаолият юритаётган 6000 аъзоси учун онлайн ўқув семинари ташкил этилди. Ушбу семинар нафақат назарий билим бериш, балки амалиётда синовдан ўтган самарали ечимларни оммалаштиришга хизмат қилди.

Орадан кўп ўтмай, март ойида хитойлик профессорлар Ўзбекистонга келиб, жойлардаги ҳолат билан яқиндан танишди. Хусусан, улар Сирдарё туманидаги “Қуёш”, Зарбдор туманидаги “Лалмикор” ва “Оқбулоқ”, шунингдек, Жомбой туманидаги “Найман” ва “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳоли турмуш тарзи, бандликни таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар билан танишди.

Шу билан бирга, “маҳалла еттилиги” фаоллари иштирокида “Маҳаллада камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибаси” мавзусида ўқув семинари ўтказилди. Унда илғор ёндашувлар, аниқ механизмлар ва натижага йўналтирилган иш усуллари муҳокама қилинди. Айниқса, Жомбой туманининг Сарой маҳалласида яшовчи А.Қурбонов хонадонида Хитой ва Жанубий Корея технологиялари асосида ташкил этилган замонавий иссиқхона хитойлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Бу каби амалий ташаббуслар аҳолини барқарор даромад манбаига эга қилишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Аҳамиятлиси, ўрганиш ва таҳлиллар натижасида бир муҳим ҳақиқат яна бир карра ўз тасдиғини топди: профессорлар Ван Сяолин ва Чжан Си қайд этганидек, Ўзбекистон қисқа вақтда камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришди. Хусусан, Хитой 40 йилда босиб ўтган йўлнинг муайян натижаларига Ўзбекистон сўнгги 9 йилда эришгани эътироф этилди.

Бу эса мамлакатимиз мазкур йўналишда ўз йўли, модели ва самарали ёндашувини шакллантириб улгурганидан далолат беради. Мутахассислар фикрича, яқин икки йилда камбағал оилалар сонини кескин қисқартириш, ҳатто бу муаммони тўлиқ бартараф этиш имконияти мавжуд.

Аҳиллик ва шукроналик рамзи

Бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан ҳам саховатга бой бўлди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Президентимиз ташаббуси билан “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунинг учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажати қоплаб берилди.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ёрдамида ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий реестрга киритилган 100 минг фуқаронинг манзилли рўйхатини шакллантирди. Уларга давлат кўмаги сифатида 10 миллиард сўмлик 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган туҳфалар тайёрланиб, босқичма-босқич етказиб берилди. Бундан ташқари, барча маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар хонадонларида маҳалла раислари томонидан ифторлик дастурхонлари ёзилди. Уларга жами 629 мингдан ортиқ нуроний, кўча (уй)бошилар, ижтимоий дафтарлар ва ижтимоий реестрдаги фуқаролар таклиф этилди.

Ҳар бир маҳалладан 5 нафардан — жами 45 мингдан зиёд камбағал оиланинг уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланди. Ҳар бир маҳалладан 10 нафардан — жами 100 мингга яқин камбағал оиланинг томорқасига сабзавот, полиз, картошка ва ­бошқа турдаги экинлар экилди. Эҳтиёжманд оилалардаги 20 минг кишининг муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилди. Барча маҳаллада кайвони ва ҳожи онахонлар иштирокида сумалак сайиллари ўтказилмоқда.

Шубҳасиз, бу каби эзгу ишлар маҳалланинг асл моҳиятини яна бир бор намоён этади. Чунки маҳалла азалдан одамларнинг иссиқ-совуғидан хабар оладиган, эҳтиёжмандларга елкадош бўладиган энг яқин ижтимоий маскандир.

Ободлик кўнгилдан бошланади

“Обод” сўзи равнақ топган, яхши тартибга солинган, тинч-фаровон жой деган маъноларни англатади. У тилимизга тоза ва чиройли жой, инфратузилмаси яхши, одамлар яшаши учун қулай, тараққий этган ва фаровон ҳудуд сифатида кирган.

Айнан шунинг учун Президентимиз ­“Маҳалла обод бўлса — юрт обод бўлади” деган иборани кўп таъкидлайди. Чунки мана шу муҳим фикр замирида халқимиз фаровонлигини таъминлаш, хотиржам ва муносиб яшаши учун қулай шарт-шароит яратишдек эзгу мақсад мужассам. Маҳалладаги ҳар бир хонадон тинч-тотув, ҳар бир кўча обод бўлса, бутун мамлакатнинг тараққиёт суръати ҳам, жамиятнинг кайфияти ҳам шунга яраша бўлади.

Ана шу эзгу анъаналарнинг давоми сифатида жорий йил 13-14 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Юрт ободлиги, аввало, ­маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Ҳашар кунлари 160 мингга яқин кўча ва 57 минг гектардан ортиқ ҳудуд ободонлаштирилди.

21 миллиондан зиёд дарахтга шакл берилди. 665 та зиёратгоҳ ҳамда 25 мингдан ортиқ болалар ва спорт майдончаси тартибга келтирилди. Тозалик ишлари ҳам кенг кўламда бажарилиб, 20 минг тоннадан зиёд чиқинди чиқариб ташланди.

Ҳашар доирасида томорқалар ва суғориш тизимларини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 18 минг километрдан ортиқ ариқ ва лотоклар тозаланиб, янги сув йўллари очилди. Натижада 345 мингдан зиёд хонадон томорқасида суғориш имкониятлари яхшиланди. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб 6,8 миллиондан ортиқ дарахт кўчати экилди. Эътиборлиси, уларнинг 1,4 миллиондан зиёди камбағал оилалар хонадонига экилиб, келгусида улар учун қўшимча даромад манбаига айланади. Шу билан бирга, 850 дан ортиқ янги “яшил” боғ барпо этилди.

Ҳашар доирасида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ишлари ҳам бажарилди. 199 километр йўл асфальтланди, 690 километр йўлга шағал тўшалди. Электр таъминотини яхшилаш учун 590 та трансформатор таъмирланди, минглаб устунлар янгиланди ва 7000 дан ортиқ тунги ёритқич ўрнатилди. Шунингдек, ҳашар кунлари 568 та ижтимоий ва маиший объект фойдаланишга топширилиб, 1387 та янги иш ўрни очилди. Муҳими, бу тадбирларда 17 миллиондан ортиқ фуқаро, жумладан, 9 миллиондан зиёд ёшлар фаол иштирок этди. Бу эса ёш авлоднинг юрт тақдирига бефарқ эмаслиги, улар обод Ватан барпо этиш ғоясига сидқидилдан ҳисса қўшаётганини кўрсатади.

Ободлик фақат кўча-кўйларни тозалаш ёки инфратузилмани яхшилаш билан эмас, аввало, инсоннинг кўнгли, нияти ва жамоавий масъулиятидан бошланади. Шу маънода, ҳар бир маҳалла обод бўлса, юртимизнинг тараққиёти ва фаровонлиги янада мустаҳкамланади.

Ҳар қачонгидан ҳам залворли

Ҳозир маҳалла тизими зиммасига юкланган вазифалар ҳар қачонгидан ҳам улкан ва масъулиятлидир. 2026 йилнинг мамлакатимизда Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб эълон қилингани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Бу борада, аввало, маҳаллаларда аҳолини банд қилиш ва камбағалликни қисқартириш ишларини янада тизимли ташкил этиш, ҳар бир оиланинг даромад манбаига эга бўлишига амалий кўмак бериш устувор вазифамиз бўлиб қолади. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш орқали маҳаллаларда барқарор иқтисодий муҳитни шакллантириш ҳам муҳим.

Шунингдек, “еттилик” аъзолари билан биргаликда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида улғайтиришда тарбиявий ва профилактика ишларини янада кучайтирамиз. Айниқса, ажралишларнинг олдини олиш, мустаҳкам ва барқарор оилаларни шакллантириш маҳалла фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади. Бундан ташқари, аҳоли мурожаатларини ҳал этишда маҳаллаларнинг имкониятини янада кенгайтириш, хонадонбай ишлаш ­тамойилини ­чуқур жорий қилиш ҳамда муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича рақамли механизмларни амалиётга татбиқ этиш долзарб вазифалардан.

Энг муҳими, маҳалла фаолиятида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, фаол фуқаролар, нуронийлар ва ёшларни маҳалла ҳаётига жалб этиш орқали жамиятда ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Зеро, маҳалла ривожланса, жамият мустаҳкамланади, маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади. Шу маънода, 22 мартни нафақат Маҳалла тизими ходимлари куни, балки эзгу қадриятларнинг тантанаси сифатида нишонлаш ҳар биримиз учун юксак шарафдир.

Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси,

сиёсий фанлар доктори, профессор