Таъкидлаш жоизки, вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида давлат хусусий шерикчилик асосида 52 та маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино қурилиб, ишга туширилди. Замонавий усулда қад ростлаган бинолар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан мебель ва компьютер жиҳозлари билан таъминланиб, самарали фаолият юритиш учун барча шароит яратилди.
Термиз шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Унда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов иштирок этди.
Шу куни Термиз шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг мавжуд муаммолари тингланиб, атрофлича таҳлил қилинди. Биргаликда уларни бартараф этиш йўллари изланди. 16 та ўзини ўзи бошқариш органига замонавий компьютер, 13 та маҳалла фуқаролар йиғинига мебель жиҳозларининг сертификати топширилди. Сайёр қабулда вилоятда истиқомат қиладиган 30 га яқин фуқаро ижтимоий аҳволини яхшилаш, моддий кўмак бериш каби масалаларда мурожаат этди. Уларнинг яшаш шароити жойида ўрганилиб, 10 нафарига 1 миллион сўмдан нақд пул берилди. Термиз шаҳрида ўзини ўзи иш билан банд қилиш истагини билдирган ногиронлиги бўлган икки нафар мурожаатчининг хонадонига бориб, яшаш шароити кўздан кечирилгач, уларга замонавий тикув машинаси, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ўғил-қизлар билан суҳбатлашилди. Яшаш шароитлари ўрганилди. Муассасага замонавий маиший техника воситалари туҳфа қилинди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди
Сурхондарё вилоят бўлим бошқаруви