Ободонлаштириш ишларида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими ҳам ўз улушини қўшди.

Мустақилликнинг 30 йиллиги байрами ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан Янги Наманган тумани “Мустақилликнинг беш йиллиги” маҳалласи 2-гуруҳ ногирони Исроил Мўминжоновга фонд томонидан 2,1 млн. сўмлик қурилиш ашёлари ва иш қуроллари олиб берилди. Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими ходимлари ҳашар ташкил этиб, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Фотима Қодирова, Собитхон Абдурашидов, Замира Узоқова, Шуҳратжон Йўлдошев, Абдужаббор Мамадалиев, Фотима Мунавварова, Аъзам Мўминовлар хонадонлари деворларининг ташқи фасади, дарвозаларини бўяб беришди, шунингдек, дарахтлари буталиб, шакл берилди, уйларининг олд томонидаги 12 сотих ер майдонлари чопилиб, юмшатилди ҳамда гулхоналари тошлардан тозаланди.

Янги Наманган тумани алоҳида маъмурий ҳудуд сифатида ташкил этилганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган бўлса-да, туман қиёфаси қисқа муддатда тубдан ўзгарди. Аҳолининг бир неча ўн йиллар давомида тўпланиб қолган турли муаммолари вилоят ҳамда Янги Наманган тумани ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан ўз ечимини топаётир.

Буларнинг бари аҳоли фаровонлигининг ошишига, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб, шундай замонда, шундай  юртда яшаётганига шукроналик ҳиссининг ортишига хизмат қилмоқда.

Аҳмаджон МУКАРРАМОВ,

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди

Наманган вилояти бўлими бошқарув раиси